11:37 | 27.12.23

                       

ДХХ Кадастр агентлиги бош мутахассиси, ИИО ходими ва собиқ ҳарбий хизматчини қўлга олди – видео

Шунингдек, тадбиркорнинг масаласини ижобий ҳал қилиб бериш учун 15 минг доллар олган юрист ушланди.

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган масъулияти чекланган жамият юристи логистика хизматлари кўрсатиш билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбаридан 14 минг АҚШ доллари ва 12 миллион сўм олган вақтида қўлга олинди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Аниқланишича, у вилоят прокуратураси томонидан мазкур масъулияти чекланган жамият раҳбарига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида МЧЖнинг бекор қилинган гувоҳномасини тиклаш ва солиқ идоралари томонидан 1 миллиард 950 миллион сўм қўшилган қиймат солиғини олишга қўйилган тақиқ масаласини ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги бош мутахассиси Мирзо Улуғбек туманида яшовчи фуқарога нисбатан ички ишлар органлари томонидан жиноят иши қўзғатмаслик масаласини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ҳал қилиб бериш эвазига 6 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси катта инспектори фуқародан ноқонуний тарзда 4 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари томонидан ушланди.

Аниқланишича, у Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 3-қисми билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган маҳкумни Навоий шаҳридаги 11-сонли жазони ижро этиш муассасасидан Чирчиқ шаҳрида жойлашган 14-сонли жазони ижро этиш муассасасига кўчирилишида ёрдам беришини ваъда қилган.

ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ИЖҚКД билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса Фарғона шаҳрида яшовчи, 39 ёшли собиқ ҳарбий хизматчи ўзининг мансабдор танишлари ёрдамида маҳаллий фуқарони ички ишлар органлари тизимига ишга киритиб қўйиш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Солиқ идораларининг бир нечта мансабдор шахслари ҳибсга олингани хабар берилганди.

 

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: