21:07 | 11.02.24

                       

ДХХ Самарқандда туман газ таъминоти бўлими бошлиғини пора билан ушлади

Самарқанднинг «Оқдарётумангаз» газ таъминоти бўлими бошлиғи фуқаронинг яшаш хонадонига электрон газ ҳисоблагич ўрнатиш эвазига 4 млн сўм пора талаб қилди. Бўлим бошлиғи шундан 1 млн сўмни олаётган пайтида ДХХ томонидан қўлга олинди.

 

Давлат хавфсизлик хизмати «Оқдарётумангаз» газ таъминоти бўлими бошлиғини пора билан ушлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қайд этилишича, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан порахўрликка қарши курашиш йўналишидаги тадбирлар давом эттирилмоқда. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда «Оқдарётумангаз» газ таъминоти бўлими бошлиғи, 1973 йилда туғилган Н.М. маҳаллий фуқаронинг яшаш хонадонига электрон газ ҳисоблагич ўрнатиш ва уни тармоққа улаб бериш хизмати эвазига ундан 4 миллион сўм пул талаб қилгани аниқланган.

Дастлаб 2 миллион сўмини пора сифатида олган ҳамда яна 1 миллион сўм олаётган вақтида қўлга олинди. Ҳозир Н.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: