11:27 | 13.02.24

                       

ДХХ: Судья, бош ҳисобчи, бош инспектор, бош муҳандис ўринбосари пора билан ушланди

ДХХ жойларда тезкор тадбирлар ўтказиб, қатор мансабдорларни пора билан қўлга олди. Хусусан, Ҳакамлик судлари ассоциациясининг Навоий вилоятида доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди судьяси  фуқаронинг мурожаатини ижобий ҳал этиб бериш эвазига 1 минг доллари талаб қилган. У сўралган пулни олаётганида ашёвий далиллар билан ушланган.

Давлат хавфсизлик хизмати жойларда тезкор тадбирлар ўтказиб, судья, бош ҳисобчи, бош инспектор, бош муҳандис ўринбосарини пора билан ушлади.

Маълум бўлишича, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Қашқадарё филиали бош муҳандиси ўринбосари пахта-тўқимачилик кластерига тегишли бўлган 21 та сув насос қудуқларини электр тармоқларига улаш учун техник шарт бериш эвазига 7 минг АҚШ доллари талаб қилган. 2024 йилнинг январ ойида 3 минг АҚШ доллари олган. ДХХнинг вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, бош муҳандис ўринбосари қолган 4 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Таъкидланишича, мазкур мансабдор шахс муқаддам Жиноят кодексининг 205 ва 209-моддалари билан судланган бўлсада, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.

Жиззах вилояти «Тоза ҳудуд» ДУК бош ҳисобчиси улгуржи савдо билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият раҳбарига нисбатан судда кўрилаётган жиноят ишини танишлари орқали унинг фойдасига ҳал қилиб бериш, яъни озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлатиб беришни ваъда қилган. У бунинг эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланди. Мазкур шахс муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланганлигига қарамасдан, қайта жиноятга қўл урган.

Ўзбекистон ҳакамлик судлари ассоциациясининг Навоий вилоят ваколатхонаси ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди судьяси ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Нурота туманида яшовчи фуқаронинг муқаддам бухоролик харидорларга сотган 250 бош қўйларининг пуллари берилмаётгани юзасидан қилган мурожаатини ижобий ҳал этиб бериш эвазига 1 минг АҚШ доллари талаб қилади. Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағи ҳисобидан 500 АҚШ доллари ва 6,2 миллион сўм олган вақтида ушланди.

Миллий Гвардиянинг Сирдарё вилоят Қўриқлаш бошқармаси хизматни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўлими бош инспектори Боёвут туманида яшовчи фуқарони Қўриқлаш бошқармасига ишга киритиб қўйиш эвазига 3 минг АҚШ доллари талаб қилиб, муқаддам 1500 АҚШ доллари олади.
Лекин, у сўралган пулнинг қолган 1500 АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва Гулистон ҳарбий прокуратураси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: