11:50 | 13.12.23
WEFE nexus: Ўзбекистон табиат ресурсларини бошқариш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолияти ҳақида маълумот тақдим этди.
Тадбирда Халқаро сув хўжалиги институтининг (IWMI) Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Др. Моҳсин Ҳафиз, БМТ саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO) рақамли трансформация ва сунъий интеллект бўйича катта маслаҳатчиси Ашраф Абушади, Потсдам иқлим ўзгаришини ўрганиш институти (ПИК) Иқлимга чидамлилик гидроклиматик хавфлар ишчи гуруҳи раҳбари Фред Ф. Ҳаттерманн, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) табиий ресурслар бўйича мутахассиси Эветта Зенина, Осиё тараққиёт банки (ОТБ) вакили Бекзод Жалилов, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Азим Назаров, Экология вазирлиги ҳузуридаги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти директори Бахтиёр Пўлатов ва Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, академик, Орол денгизини кўкаламзорлаштириш бўйича лойиҳа раҳбари Зиновий Новицкий иштирок этган.
Панел сессияси давомида «Марказий Осиё давлатлари иқлим ўзгаришига мослашиш ва юмшатиш бўйича ўз сиёсатини режалаштиришга Nexus ёндашувини қандай киритиши мумкин», «Орол денгизи минтақасида иқлим ўзгаришига мослашиш учун ақлли технологияларни жорий этиш», «Марказий Осиёда иқлим ўзгариши: намуналар ва прогнозлар», «ФАО: иқлим ўзгаришининг Марказий Осиё минтақасида қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари ва энергетикага таъсири» ва бошқа мавзуларда маърузалар тақдим этилган.
Шунингдек, тадбир турли мамлакатларнинг ўзаро боғлиқ манфаатлари мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларни талаб қиладиган минтақада табиий ресурсларни барқарор бошқаришнинг замонавий тизимлари аҳамиятига бағишланди. Муҳокамалар чоғида Марказий Осиё давлатларининг миллий сиёсатини интеграциялаш стратегиялари кўриб чиқилган.
Тадбирда Марказий Осиёда WEFE nexusʼнинг ўзаро боғланиши, шунингдек, трансчегаравий ҳамкорлик ва билим алмашинувини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилиш асосий мақсад сифатида белгиланганди.
Маълумот учун, WEFE (water, energy, food and environment) инглиз тилидан таржима қилинганда — сув, энергия, озиқ-овқат ва атроф-муҳит. Nexus сўзма-сўз «алоқа» деган маънони англатади. WEFE Nexus ёндашувини амалга ошириш муҳим ресурслар тақчиллиги муаммосини камайтириши мумкин.
Панел сессияси чоғида Марказий Осиё мамлакатлари трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш бўйича минтақавий ҳамкорлик борасида фаол иш олиб бораётгани таъкидланган. Бундан ташқари, республикалар иқлим ўзгариши шароитида озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун қайта тикланадиган энергия манбалари ва барқарор қишлоқ хўжалиги стратегияларини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилмоқда. Миллий стратегияларни интеграциялаштирган ҳолда, минтақа бевосита инсон ва атроф-муҳит фаровонлигини яхшилаши ҳамда ресурслар можароларини камайтириши мумкин.
Тадбир давомида маърузачилар ушбу йўналишдаги муваффақиятли кампаниялар ҳақида ҳикоя қилиб, «Қишлоқ хўжалиги инновациялари ва барқарор ер бошқаруви орқали озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш», «Экологик хавфларни камайтириш ва иқлим ўзгариши оқибатларини бошқариш» ва «Барқарор ривожланишга эришиш учун Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида трансчегаравий ҳамкорлик ва интеграцияни мустаҳкамлаш» каби мавзуларда мулоқот уюштирган.
Панел сессияси якунида иштирокчиларга Ўзбекистоннинг озиқ-овқат тизими, ердан фойдаланишни тиклаш ва иқлим мослашувига қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот берилган. Мазкур тадбир иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ер бошқаруви соҳаларида янада самарали стратегияларни амалга ошириш учун халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: