19:46 | 06.12.23
Экология вазири Азиз Абдуҳакимов унда ўз фикрлари билан бўлишди.
БААнинг Дубай шаҳридаги Марказий Осиё павилонида БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 28-конференцияси доирасида «Уч томонлама сайёра инқирози муаммоларига қарши аҳиллик ва бирдамлик» мавзусида тадбир бўлиб ўтди ва унда Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон экология вазирлари иштирок этди.
Азиз Абдуҳакимов Марказий Осиё давлатларининг бирлашиши БМТнинг турли халқаро платформаларида республикалар позицияси, минтақа манфаатлари ва ғояларини ифода этишда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Вазирнинг сўзларига кўра, БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича жорий конференциясида Марказий Осиё давлатлари яқинда ташкил этилган йўқотиш ва зарарни қоплаш жамғармаси механизмига қўшилиши керак.
«Бу иқлим ўзгаришидан етказилган зарарни қоплаш учун минтақага молиявий ресурсларни жалб қила оладиган яхши восита. Бунинг учун Марказий Осиё давлатлари минтақа муаммолари қаршисида биргаликда ҳаракат қилишлари керак. Марказий Осиё минтақасининг глобал иссиқхона эффектидаги улуши унчалик катта эмас, аммо минтақа, кичик орол давлатлари каби, глобал исишдан кўпроқ азият чекмоқда», – деган Абдуҳакимов.
Маълумот учун, Марказий Осиё минтақасидаги 70 миллион аҳолининг 30 миллиондан ортиғи ҳаво ифлосланишидан азият чекмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: