20:39 | 12.06.24

                       

Дунё мувозанати АҚШ қўлида(ми?)

«Янги Яқин Шарқ» воситасида АҚШ ва Исроил ўзларининг геостратегик ва бошқа манфаатларига мувофиқ Яқин Шарқ харитасини қайта шакллантириш имкониятига эга бўлишмоқчи.

Замонавий жаҳон сиёсати глобаллашув тенденциялари таъсири остида кечмоқда. Бугун дунёнинг бир чеккасида содир бўлган воқеа ёки ҳодиса Ер шарининг бошқа минтақасига ҳам таъсир этмасдан қолмайди. Бинобарин, геосиёсий жиҳатдан аҳамияти юқори ҳисобланган минтақалардаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар динамикасида бундай таъсир ноодатий хусусият касб этиб, тобора мураккаб тус олиб бораверади. Етакчи куч марказларининг доимий эътибор объекти бўлиб келган Яқин Шарқ минтақаси шундай қайноқ нуқталардан бири бўлиб қолмоқда. Шунинг ҳисобига узоқ йиллардан бери Яқин Шарқдаги тартибсизликлар давом этмоқда. Бунга сабаб қилиб минтақада алоқаларни тартибга солиб турадиган, келишув ва битимларни ўз ичига олган тизим мавжуд эмаслигини кўрсатиш мумкин. Жараёнларнинг бу каби тус олиши ўз-ўзидан минтақада қуролланиш пойгасига йўл очиб беради ва кучлар мувозанатини сақлашни талаб этади. Мазкур мувозанат бузилса, урушлар келиб чиқаверади.

Яқин Шарқ

Бугунги кунда Яқин Шарқ минтақасида 17 та давлатнинг 60 га яқин тилда сўзлашувчи 371 миллион аҳолиси истиқомат қилади. Ушбу мамлакатлар дунё нефтининг катта захирасига эгалик қилишига қарамай, минтақадаги терроризм ва фуқаролар уруши туфайли нотинчлигича қолмоқда.


Яқин Шарқ энергия ресурслари

Яқин Шарқ энергия ресурсларига бой минтақадир. Дунё миқёсидаги нефть қазиб олишнинг 37% и ва табиий газ ишлаб чиқаришнинг 35% ига эгалик қилади. Нефт қазиб олишда Саудия Арабистони (35%), Эрон (14%) ва Ироқ (13%) улушни ташкил этади.  Газ қазиб олишда Эрон (28%), Қатар (22%) ва Саудия Арабистони (14%) улуш билан устунлик қилмоқда. 2018 йилги маълумотларга кўра, минтақа дунё нефт захирасининг (834,3 млрд. баррель билан) 48,3% га эгалик қилади. Мамлумот учун – МДҲ давлатлари дунё нефт захирасининг 8,4% га эгалик қилишади.

Аҳамиятли Яқин Шарқ

Яқин Шарқ Осиё, Африка ва Европанинг кесишган минтақасида жойлашган. Бундан ташқари геосиёсий аҳамияти жиҳатидан минтақа Кавказ ва Марказий Осиё билан чегарадош сифатида қўрилади. Геостратегик ва геосиёсий империализмда, шу жумладан, АҚШ гегемонлик лойиҳасида жуда муҳим ўрин эгаллайди.

Яқин Шарқ минтақаси жаҳоннинг савдо соҳисидаги муҳим транспорт коридори ҳамдир. Ҳудуд халқаро иқтисодий муносабатларда асосий рол ўйнайди. Сабаби, айнан шу ерда Атлантика ва Ҳинд океанини бир-бирига боғлайдиган муҳим геостратегик аҳамиятга эга бўлган Сувайш канали жойлашган. Канал шу минтақа давлатлари қулай денгиз йўлларига чиқиш имкониятини беради. Бундан ташқари, халқаро иқтисодий муносабатлардаги ролини ошириш ва иштирокини кенгайтиришдаги энг зарурий омид ҳисобланади.

Шунингдек, минтақа дунё аҳолисининг деярли ярми эътиқод қиладиган энг йирик динлар: яхудий, христиан ва ислом динларининг маркази сифатида эътироф этилади.

Хавф-хатар

Табиийки, юқоридаги омиллар Яқин Шарққа бўлган геосиёсий қизиқишларнинг ошиб боришига сабаб бўлиб, минтақани катта ўйинлар гирдобига тортмоқда. Шу сабабларга кўра, бу минтақа жаҳонда неки муаммо бўлса, барчасини ўзида мужассам этади. Чунки унда этник ва диний омиллар, чегара ва қочоқлар, иқтисодий ва ижтимоий масалалар, терроризм, экстремизм ва сепаратизм, уюшган жиноятчилик, ташқи кучларнинг геосиёсий рақобати каби муаммолар бир-бири билан аралашиб кетган. Шу нуқтаи назардан Яқин Шарқ минтақасидаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар динамикаси қуйидаги муаммолар билан боғлиқ ҳолда давом этмоқда:

  • Фаластин-Исроил муаммоси
  • Курдлар муаммоси
  • Араб баҳори воқеалари
  • Сурия муаммоси
  • Терроризм ва экстремизм
  • Қочоқлар муаммоси ва бошқа муаммолар

Булардан ташқари, минтақадаги исломий мамлакатларнинг бир қанчаси фуқаролар уруши гирдобигда қолмоқда. Урушлар сабаб, мазкур давлатларда экстремизм ва консерватизм муҳити шаклланиб, илм-фанга деярли аҳамият берилмайди. Натижада, бутун минтақа бўйлаб ишсизлик, саводсизлик ҳамда терроризм авж олган. Минглаб аҳоли ҳаётини сақлаб қолиш ва нормал ҳаёт тарзига қайтиш мақсадида бошқа ҳудудларга кўчишга мажбур бўлмоқда.

Янги Яқин Шарқ

Сиёсий таҳлилчи экспертлар томонидан АҚШ ва Исроилнинг Яқин Шарқдаги  «йўл харитаси» дея эътироф этилаётган «Янги Яқин Шарқ» концепциясида Қўшма Штатларнинг ташқи сиёсий стратегиясининг муҳим жиҳатлари белгилаб ўтилган. Концепцияда минтақа бўйича уруш ўчоқлари ва тартибсизлик вазиятини кучайтириб, «ижодий хаос» кучларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилган. «Янги Яқин Шарқ» воситасида АҚШ ва Исроил ўзларининг геостратегик ва бошқа манфаатларига мувофиқ Яқин Шарқ харитасини қайта шакллантириш имкониятига эга бўлишмоқчи. «Янги Яқин Шарқ» нинг ишлаб чиқилиши билан унинг харитаси ҳам юзага кела бошлади.

Мазкур геосиёсий харита 2006 йилнинг 10 июлида америкалик истеъфодаги полконик Ралф Петерснинг «Ҳеч қачон курашни  тўхтатма» китобининг бир қисми сифатида оммага тақдим қилинган. Шунингдек, муаллифнинг «Қонли чегаралар: Яқин Шарқ қандай кўринишга эга бўлиши лозим» номи остида чоп этилган мақоласида ҳам бу масалага алоҳида тўхталиб ўтилган.

Шунга қарамай АҚШнинг 80 дан ортиқ университетлари талабалари жорий йилнинг май ойида Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларига қарши намойишлар ўтказишди. Исроилга қарши оммавий намойишлар доирасида 2000 нафардан зиёд иштирокчилар ҳибсга олинган.

Европанинг муносабатиМинтақадаги зиддият кўлами ортиб боришига қарамай, айниқса, Фаластин-Исроил можаросида, Европа ҳанузгача мавжуд вазиятни ўзгартириш ва Исроилнинг босқинчилик сиёсатини давом эттиришга қарши жиддий чоралар кўргани йўқ. Жорий йилнинг май ойида Европада бўлиб ўтган «Евронигоҳ-2024» танловининг иккинчи ярим финали Швеция шаҳрида бўлиб ўтди. Унда исроиллик иштирокчи Эден Голан чиқиш қилиши аҳоли норозилигига сабаб бўлди ва Ғазода ўт очишни тўхтатишни талаб қилувчи норозилик намойишлари бошланиб кетди.

Жараёнларнинг юқоридаги каби тус олиши Европа Иттифоқини АҚШнинг издоши эканлигига ишора қилмаяптими? Нима бўлганда ҳам  иқтисодий, геосийсий жиҳатдан қулай жойда жойлашган минтақага эгалик қилиш хоҳиши минглаб инсонлар, хусусан, бегуноҳ гўдакларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда.

Дилшод Ҳакимов тайёрлади

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: