20:59 | 12.02.24

                       

Экологик ҳуқуқларга оид мурожаатлар 2,5 баробарга ошгани маълум бўлди

Омбудсман мурожаатларнинг йўналишлари ҳақида маълумот бериб, экологик ҳуқуқларга оид мурожаатлар 2022 йилга нисбатан 2,5 баробарга ошгани ва 316 тани ташкил этганини таъкидлади. Ушбу йўналишдаги мурожаатлар ўрганилиши натижасида фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг мажлисида қатор қонун лойиҳалар муҳокамаси бўлиб ўтди.

Мажлисда «Иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқариш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси кўриб чиқилган.

Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди. Қайд этилишича, Омбудсманга келиб тушган мурожаатлар асосида фуқароларнинг манфаатларига 1847,2 миллион сўм маблағ ундирилган. Омбудсман мурожаатларнинг йўналишлари ҳақида тўхталар экан, экологик ҳуқуқларга оид мурожаатлар 2022 йилга нисбатан 2,5 баробарга ошиб, 316 тани ташкил этганини таъкидлади. Ушбу йўналишдаги мурожаатлар ўрганилиши натижасида фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, аҳоли яшайдиган ҳудудда жойлашган «Темир-бетон ишлаб чиқариш» корхонаси бошқа ҳудудга кўчирилган, омбудсман сўровига асосан экологияга оид талабларни бузган ҳуқуқбузар салкам 10 миллион сўм маъмурий жаримага тортилган. Шунингдек, Омбудсман 2023 йилдаги мурожаатларнинг 41 фоизи хотин-қизлардан келганини, зўравонлик ва оилавий низоларга оид мурожаатлар кўпайганини қайд этди. Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил келаётган мурожаатларнинг энг кўпи, яъни 3600 таси ижтимоий масалалар билан боғлиқ бўлиб, Халқ демократик партияси фаоллари ва депутатларидан ҳамкорликни янада кучайтиришни кутиб қолишини қайд этди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: