12:38 | 22.01.24

                       

Экологик вазиятни яхшилашга қаратилган Қонун лойиҳаси маъқулланди

Корхоналар, ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектларнинг экологияни меъёридан ортиқ ифлослантирувчи манбалари ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга чекланади ёки тўхтатиб турилади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги таклифлари асосида тайёрланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун Олий Мажлис Сенатининг 49-ялпи мажлисида кўриб чиқилди ва маъқулланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолат сифатини ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бироқ қурилиш, ишлаб чиқариш ва урбанизация кўламининг кенгайиши табиатга чиқариладиган ташламаларнинг кескин ортишига сабаб бўлмоқда. Бу эса табиий муҳитнинг меъёридан ортиқ даражада ифлосланиши олдини олиш мақсадида табиатга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини чеклаш ёки тўхтатиш мезонларини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Бугунги кунда ҳудудларда, айниқса, шаҳарларда айрим саноат корхоналари томонидан ташланмаларнинг атмосфера ҳамда сувга меъёрдан бир неча бор юқори миқдорда ташланиши фуқароларнинг турмуш тарзи, ҳаёти ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатмоқда. Мисол учун, саноатнинг асосий тармоқлари ҳисобланган энергетика, нефть ва газ, кимё, металлургия, қурилиш материаллари каби тармоқларда бу жараён доимий тарзда мониторинг қилинади.

Мониторинг кузатув натижаларига кўра, охирги бир йил давомида 284  ташкилотнинг 552 та ифлослантириш манбасида ифлослантириш даражаси белгиланган меъёрдан ортгани аниқланган. Жумладан, атмосфера ҳавосига ташлама ташлайдиган 77 ташкилотнинг 152 та манбасида, сув ҳавзаларига оқава сувларини ташлайдиган 169 ташкилотнинг 323 та манбасида, тупроқларни ифлослантирувчи 38 ташкилотнинг 77 та манбасида ифлослантириш даражаси белгиланган меъёрдан ортган.  Шунингдек, 98 ташкилотнинг 269 та манбасида ифлослантириш даражаси доимий тарзда меъёрдан ортганлиги аниқланган. Бу эса атроф-муҳит ҳолатининг ёмонлашишига, фуқаролар ҳаётига салбий таъсир қилишига, шунингдек, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Юқоридаги сабаб ва омилларни инобатга олиб, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Экологик назорат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиришлар киритилмоқда. Бу ўзгартиришлар корхоналар, ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектларнинг экологияни меъёридан ортиқ ифлослантирувчи манбаларини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туришни назарда тутади. Мақсад  экологиянинг меъёридан ортиқ ифлосланиши ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига хавф юзага келишининг олдини олишдир.

Қолаверса, мазкур қонун ваколатли давлат органларининг масъулиятини ошириш йўлида хизмат қилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: