13:15 | 12.01.24
Бетартиб қурилиш ишлари, яшил ҳудудлар камайиши, автотранспорт воситалари сони ортиши, тирбандлик, мазут ёқилғиларидан фойдаланишнинг кўпайиши ва бошқа табиий омиллар ифлосланишга сабаб бўлмоқда.
Бугунги кунда дунёнинг йирик шаҳарларида, жумладан, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ортиб бораётгани кузатилмоқда. Бунга табиий ва антропоген омиллар сабаб бўлмоқда.
Пойтахт атмосфера ҳавосининг ифлосланишига қуйидаги омиллар таъсир этмоқда. Жумладан:
Маълумот учун, 10 тонна кўмир ёқилғиси ёқилганида атмосфера ҳавосига 220 кг қурум, 360 кг олтингугурт II оксиди, 64 кг углерод оксиди, 16 кг азот II оксиди ва 2 тонна кул чиқиндиси ажралиб чиқади.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Экология вазирлиги томонидан республика ҳудудида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш борасида қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича 1- ва 2-тоифали саноат корхоналарида чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилади, мавжудлари реконструкция ҳамда модернизация қилинади.
Шунингдек, мазкур ҳудудларда атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбаларни кузатиш постлари жорий этилади, атроф-муҳит мониторингини амалга ошириш учун эса автоматик станциялар ўрнатилади. Бу ўз навбатида атроф-муҳит ҳолатларини рақамлаштириш орқали саноат корхоналаридан чиқаётган зарарли моддаларни кузатиш, таҳлил қилиш, бартараф этиш ва экологик вазиятни барқарорлаштиришга имкон беради.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосига кўрсатилаётган салбий оқибатларни камайтириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф қилинмоқда:
— «Евро-4» стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғидан (АI-80 русумли бензин) фойдаланишни тақиқлаш;
— автотранспорт воситалари тирбандлигини камайтириш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри ҳудудида куннинг тиғиз вақтларида (эрталабки соат 07:00 дан 10:00 га қадар ва 17:00 дан 20:00 га қадар) юк ташиш учун мўлжалланган, вазни 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ транспорт воситаларини ҳаракатини чеклаш;
— 2010-йилгача ишлаб чиқарилган барча тоифадаги автотранспорт воситалари ҳаракатланишини тақиқлаш, автотранспорт воситалари эгаларига замонавий автотранспорт воситаларига ўтиш учун (электро-мобил) имтиёзлар, преференциялар ва субсидиялар беришни йўлга қўйиш;
— сўнгги йилларда автомобиль йўлларида юзага келаётган тирбандликларни камайтириш мақсадида тажриба тариқасида автомобиллар ҳаракатини мақбуллаштириш учун автомобилларни «тоқ ва жуфт» кунларда бошқариш қоидасини жорий этиш;
— шаҳарнинг диққатга сазовор марказий кўчаларида автотранспорт воситаларидан холи ҳудудларни ташкил қилиш;
— жамоат транспортини тўлиқ электр, газ-баллон ёқилғиси ва бошқа муқобил ёқилғи турларига ўтказиш, шунингдек, йўл инфратузилмасини ташкил этиш;
— барча турдаги қурилиш объектларини (ижтимоий ва давлат аҳамиятига оид объектлар бундан мустасно) қуришга мораторий эълон қилиш;
— Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳрига туташ туманларида саноат мақсадларида кўмир ёқилғисидан фойдаланишни тақиқлаш;
— микроиқлим мўътадиллигини таъминлаш, атмосфера ҳавоси сифатига ижобий таъсир этиш мақсадида сунъий сув ҳавзаларини барпо этиш;
— Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган Иссиқлик марказларида захира ёқилғиси сифатида мазутдан фойдаланишни кескин тақиқлаш;
— илмий ва пухта ишланган хулосалар асосида шамол тезлигини пасайтириш, тупроқ зарралари кўчишининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳри атрофида «яшил белбоғ»лар барпо этиш;
— атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичини доимий эълон қилиб борадиган табло ва мониторлар ўрнатиш.
Бугунги кунда «Замин» халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда Республикада атмосфера ҳавоси ифлосланишини автоматлаштирилган тизим орқали мониторинг қилиш лойиҳаси ўрнатилган 8 та автоматик метеостанцияларни халқаро iQAIR порталига интеграция қилиш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, I босқичда 2022 йилда Тошкент шаҳридаги 2 станция тўлиқ интеграция қилинди. II босқичда эса 2023 йилда қўшимча 6 та (Сирдарё, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм, Жиззах вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси) станция тўлиқ интеграция қилинди.
2024 йил 11 январ ҳолатига кўра, халқаро порталда жами 8 та станция маълумоти бериб борилмоқда. Мазкур станциялардаги маълумотлар www.iqair.com порталидан ташқари, monitoring.meteo.uz порталида ҳам акс этмоқда. Шу билан бирга, мазкур порталнинг AirUz мобил иловаси Google Market ва AppStore маркетларида ҳам жойлаштирилган.
III босқичда 2024 йилнинг 1-ярим йиллигига қадар яна 6 та станция (Тошкент, Нурафшон, Андижон, Наманган, Фарғона, Навоий, Бухоро ҳамда Қарши) интеграция қилиниши ва якуний босқичда Республика бўйича жами ўрнатилган станциялар сонини 16 тага етказиш режалаштирилган.