21:46 | 20.12.23

                       

Эксперт фикри. Коррупцияга қарши курашда оқибатлар эмас, сабаб ва омиллар муҳим

Коррупция нафақат давлатнинг ёки жамиятнинг барқарор ривожланиши учун, балки ҳар бир шахснинг ҳаётига бўлган хавфдир.

Маълумки, Ўзбекистонда сўнгги йилларда коррупцияга қарши кураш масаласи долзарб аҳамиятга эга бўлмоқда. ОАВларда деярли ҳар куни коррупция билан боғлиқ жиноятлар ёритилмоқда. Мазкур йўналишда Ўзбекистон кўплаб халқаро тадбирларда иштирок этмоқда. Куни кеча Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида коррупцияга қарши курашиш мавзусида бўлиб ўтган йирик халқаро тадбир ҳам фикримизга яққол далил бўла олади.

Биз мазкур халқаро тадбирда мамлакатимиз Раҳбари томонидан кўтарилган масалалар, ташаббуслар ва умуман, коррупциянинг табиати, унда инсон омили ҳамда унинг салбий оқибатлари хусусида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) А.Юсупов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Аввало, шуни таъкидлаш ўтишни ҳохлардимки, коррупция инсоният томонидан ўйлаб топилган энг хунук иллатлардан биридир. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Коррупцияга қарши курашиш соҳасида юксак халқаро мукофотни топшириш маросимидаги нутқида таъкидлаганидек, дарҳақиқат «коррупция иллати ҳатто энг қудратли ва энг кучли давлатларни ҳам жар ёқасига олиб келган ва тўлиқ пароканда қилган».
Зеро, коррупция инсонларда Ишонч, Интилиш ва Иштиёқ ҳиссини сўндиради.

Маълумки, узоқ йиллар давомида мамлакатимизда коррупция мавзуси медиа-маконда ва жамоатчилик орасида энг кам муҳокама қилинган мавзулардан бири эди.

2016 йилда бу борада тектоник силжишлар юз берди. Эътибор беринг, давлат Раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган дастлабки ҳужжатлардан бири — бу «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни бўлди. Аксарият одамлар ва ҳаттоки эксперт-мутахассислар учун ҳам бу кутилмаган қадам эди. Ваҳоланки, биз бугун кўрмоқдамиз-ки, бу чуқур ва пухта ўйланган, катта сиёсий ирода асосида қабул қилинган стратегик қарор бўлган.

Ҳозирда тўла ишонч билан айтиш мумкинки, коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатлар, маъмурий ислоҳотлар ва «инсон омили»ни камайтиришга қаратилган «рақамлаштириш» жараёнлари мисолида кўриш мумкин.

Таъкидлаш лозимки, коррупция нафақат давлатнинг ёки жамиятнинг барқарор ривожланиши учун, балки ҳар бир шахснинг ҳаётига бўлган хавфдир. Зеро, ҳар бир давлатнинг тараққиёти аввало инсон капитали билан узвий боғлиқ. Шу маънода, давлат тараққиёти ва коррупцияга қарши курашиш — алоҳида қутблар эмас, балки манфаатлар уйғун бўлган доимий тарзда кесишувчан ва ўзаро тўлдирувчан нуқталардир.

Яна бир муҳим жиҳат. Аксарият ривожланган шу жумладан коррупция даражаси минимал бўлган давлатларда ушбу иллатга қарши курашишда превентив услублар қўлланилади. Бу шуни англатадики, аввало коррупцияни келтириб чиқараётган шарт-шароитлар, унинг «ўчоғи»ни бартараф этиш кутилган натижани беради. Бошқача айтганда, барча саъй-ҳаракатлар оқибатларга эмас, балки коррупциоген омилларга қаратилиши лозим ва бу борада илмий-методологик ёндашувга асосланиш мақсадга мувофиқ.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз маърузасида коррупцияга қарши курашишда нодавлат нотижорат ташкилотларини фаол жалб этиш, ўзаро тажриба алмашиш ва мулоқотларни кучайтириш, илмий изланишлар олиб бориш мақсадида Коррупция муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурилди. Бундан кўринадики, коррупцияга қарши кураш фақатгина давлатнинг ёки муайян бир ташкилотнинг вазифаси эмас. Бу кенг жамоатчиликдан ва ҳар бир шахсдан юксак масъулият ҳамда сафарбарликни талаб этади. Шу билан биргаликда, ушбу ташаббуснинг минтақавий аҳамиятга эга бўлиши бизнингча, Марказий Осиёнинг барча давлатлари учун бирдек долзарб ва муҳим.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Коррупцияга қарши курашиш соҳасида юксак халқаро мукофотни топшириш маросимидаги нутқидан ўрин олган ва агар эътибор берган бўлсангиз яна бир бора «ҳалоллик вакцина»си тилга олинди ва асосий эътибор янги авлодга қаратилди. Зеро, коррупциянинг моддий зарарини қоплаш мумкин, лекин унинг жамиятга келтирадиган маънавий зарари ва оқибати келгуси авлодларга ҳам жиддий салбий таъсир қилади. Шу жиҳатдан давлатимиз Раҳбари томонидан БМТнинг Коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш глобал ресурси дастурини Ўзбекистонда кенг жорий этиш таклифи ўта муҳим ва стратегик аҳамиятга эга.

Таъкидлаш лозимки, давлатимиз Раҳбари ўз маърузасида яна бир бор Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ортга қайтмас тус олганини қатъий билдирди. Бу борада коррупцияга қарши курашиш масаласи давлатнинг устувор вазифаси сифатида белгиланганини Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқиш тўғрисида билдирилган таклифдан билиш мумкин. Маърузада таъкидланган муҳим жиҳатлардан яна бири коррупцияга қарши курашда Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорликка тайёрлиги бўлди. Ҳозирда Ўзбекистон ушбу йўналишда 15 та халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. 20 дан ортиқ хорижий давлатлар ваколатли идоралари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.
Амалга оширилган ишлар натижасида сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Transparency International халқаро нодавлат ташкилотининг тегишли индексида ўрни муттасил яхшиланмоқда. Хусусан, 2022 йил натижаларига кўра, Ўзбекистон 180 давлат орасида 31 балл билан 126 ўринни эгаллади. Мамлакат баллари 3 тага ошиб, ўрни 14 поғонага яхшиланди (2021 йилда 140-ўрин). Ўзбекистон ушбу рейтингда охирги 6 йил давомида Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасининг аксилкоррупция ислоҳотларини тизимли равишда амалга ошираётган ва ўсиш суръатларини қайд этаётган (2017 йилда 22 баллдан 2022 йилда 31 баллгача) давлатлар қаторида қайд этилмоқда. Бу борада мамлакатимиз 2030 йилга қадар мазкур рейтингдаги ўрнини яна 50 поғонага яхшилашни мақсад қилган.

Якунда шуни алоҳида таъкидлашни ҳохлардимки, коррупцияга қарши кураш бу узоқ истиқболга мўлжалланган ва муайян жамиятда яшовчи ҳар бир шахсдан катта масъулият талаб этадиган жараёндир. Зеро, мамлакатимиз Раҳбари ўз маърузасида таъкидлаганидек, коррупцияга қарши курашиш ҳар бир соф виждонли инсоннинг, демократик жамият ва давлатнинг муқаддас бурчидир. Айни вақтда, тўла ишонч билан айтиш мумкинки, коррупцияга қарши курашиш соҳасида Ўзбекистонда янги давр бошланмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: