23:08 | 31.10.23

                       

Эммануэл Макрон расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади

Франция президентининг ташрифи доирасида 1-2 ноябр кунлари Самарқандда кўплаб музокаралар бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Олдинроқ, Франция президенти Ўзбекистонга келиши ҳақда хабар берилганди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Франция Республикаси Президенти Эммануэл Макрон 1-2 ноябр кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф дастури бўйича, Самарқанд шаҳрида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади. Унда икки давлат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Шунингдек, савдо-иқтисодиёт, инновация, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари эътибор марказида бўлиши айтилган.

Ўзбекистон ва Франция раҳбарлари икки мамлакатнинг етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари иштирокидаги қўшма бизнес форумда ҳам иштирок этиши белгиланган.

Саммит якунида бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар ҳамда савдо-инвестициявий келишувлар тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эммануэл Макрон Қозоғистонга бориши ҳақда хабар берилганди.