0:04 | 28.09.23

                       

Энергетика вазирлиги тизимда бозор нархларига ўтилишининг зарурати нимада эканини маълум қилди

Шунингдек, вазирлик нима учун инвесторлар аҳолига электр энергияси етказиб беришга сармоя киритмаслигини очиқлади.

Энергетика вазирлиги Ўзбекистон энергетика тизимида бозор нархларининг жорий этилишининг зарурати нимада эканини маълум қилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда аҳолининг электр энергиясига ошиб бораётган талабини тўлақонли қондириш учун электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича фаол чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Хусусан, 2021 йилда 146 миллион АҚШ доллари ҳисобига «Сирдарё» иссиқлик электр станцияси модернизация қилинди. Келгусида «Тошкент» иссиқлик электр станциясини модернизациялаш, шунингдек, «Толлимаржон» иссиқлик электр станциясини кенгайтириш режалаштирилган.

2016 йилдан буён ҳам тизимда катта ишлар амалга оширилди. Масалан, ўшандан бери мамлакат ҳудудларида 50 минг километрдан зиёд электр узатиш тармоқлари, 16 мингдан зиёд трансформаторлар модернизация қилинди.

2026 йилга қадар умумий қуввати 740 мегаватт бўлган яна 20 дан ортиқ гидроэлектр станциялар қуриш, 2030 йилгача эса 130 минг километр электр тармоқлари ва 40 мингдан зиёд трансформаторларни янгилаш кўзда тутилган.

Вазирликка кўра, амалга оширилиши кўзда тутилган мазкур тадбирлар учун йирик молиявий ресурслар талаб қилинади. Электр энергетика тармоғининг зарар кўриб ишлаётганлиги эса бундай лойиҳаларни рўёбга чиқариш ва ҳам хусусий, ҳам хорижий инвестицияларни жалб қилишни қийинлаштирмоқда.

Бугунги кунда тизимнинг ишлаб чиқариш қисмида хорижий инвесторлар ўз фаолиятларини олиб бормоқда. Чунки бу ерда бозор механизмлари ишлайди. Тадбиркор соҳани ривожлантириш учун тиккан пули эртага қайтиб келиши ва яхшигина даромад ҳам олиб келишини билади. Аммо аҳолига етказиб бериш йўналишига ҳеч ким инвестиция киритишни истамайди. Сабаби, мавжуд шароитда инвестор пул киритгач, ишлаб чиқарувчидан электр энергиясини бозор нархида олади. Аммо сотишда ўрнатилган тарифдан четга чиқолмайди. Оқибатда у фақат зарарга ишлашига тўғри келади.

Айни вазиятда тармоққа инвесторларни кўп жалб қилиш учун ёки бозор механизмига ўтилиши ва тарифлар оширилиши ҳамда нархларни бозор белгилаши керак ёки давлат субсидияни кафолатли қилиши ва инвесторнинг кўрган зарарларини қоплаб беришга кафил бўлиши керак.

Иккинчи йўл танланса, энергетика тизими ҳеч қачон ривожланмай қолиб кетаверади. Нарх шаклланишининг бозор механизмларига ўтиш орқали соҳани соғломлаштириш имкони туғилади, бўшаган маблағларни янги электр энергетика объектларини барпо этишга йўналтириш мумкин бўлади.

Йилдан-йилга электр энергиясига талаб ортиб бораётган бир даврда Ҳукумат мавжуд маблағ ва имкониятлардан максимал фойдаланиб, барқарор таъминотни сақлаб қолишга ҳаракат қиляпти. Лекин геометрик прогрессда ошаётган эҳтиёжни қондиришга эскирган тизимнинг кучи етмаяпти. Демак, ечим – бутун тизимни модернизация қилиш. Бунинг учун эса электр ҳамда газ тарифлари нархларини бозор механизмлари билан тартибга солиш зарур. Агар мазкур жараёнга ҳозир старт берилмаса, эскирган тизим юкламаларни кўтаролмай буткул абгор бўлиши ва ҳозиргидан-да жиддий муаммоларни келтириб чиқариши эҳтимоли катта.

Тариф нархларининг эркин бозор тамойиллари асосида ислоҳ қилиниши нафақат инфратузилмани модернизация қилиш, балки истеъмол маданияти шаклланишига эришиш учун йўл очади. Ҳар бир фуқаро ўзи ишлатаётган электр энергия ҳисобини юритиб борса, образли қилиб айтганда «ўзига ўзи кўзгу тутган» бўлади, исрофга йўл қўймайди, табиий тарзда тежамкорликни таъминлайди. Энг муҳими, бу жамиятнинг барча аъзолари учун одатий ижтимоий кўникмага айланса, энергетика таъминоти барқарор ишлашига хизмат қилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: