16:27 | 27.03.24
«Энг ачинарлиси, манашу ишни қилганлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг уммати эканини даъво қилаётганидир» — муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар Москвадаги терактга муносабат билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар Шавкат Мирзиёев ифторлик дастурҳони ташкил этгани ҳақида гапирди.
«Кундан кунга диний ислоҳотларни кўрсак, Аллоҳга шукур деб кўзимизга ёш оламиз. Куни кеча, тарихда бўлмаган, давлат раҳбари ўзи ифторлик ташкил қилиб, биргаликда ўтириб, кам таъминланганлар, ногиронларни олиб келиб ўша жойда ифторликка қўйдилар. Бисмиллоҳ ила ифторликни бошлаб, бутун халқни Рамазон билан муборакбот этиб, тутаётган рўзаларимизнинг қабулиятини Аллоҳдан сўраб, қилаётган ибодатларимиз мақбулиятини сўраб юртбошимиз ўзи ифторликда қатнашишлари — улкан тарихий воқеа», — дейди Шайх Нуриддин Холиқназар.
Шайх, шунингдек, берилаётган имкониятлар, таровеҳлар ва азон ҳақида ҳам гапирди. У аҳоли буни фақат яхшиликка ишлатиши кераклигини айтди. Бунинг ортидан мусулмон аҳлининг юртга, ватанга муҳаббати ортиб, ҳаром ишлардан тийилиш зарурлигини айтди.
Бундан ташқари, Шайх Москва шаҳрида содир бўлган портлаш ҳақида ҳам муносабат билдирди.
«Бу мавзуни кўтармасам бўлмайди. Россияда бўлган хунрезликни ҳамма даҳшат ичида кузатиб турибди. Бутун инсониятни жумбушга келтирадиган воқеани кўрдик. Энг ачинарлиси, манашу ишни қилганлар — Муҳаммад алайҳиссаломнинг уммати эканини даъво қилаётгани, азизлар. Бизнинг диндошимиз бўлиб турганлар. ‘Ла илаҳа илла Аллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ’ деб турган инсонлар. Энг суюклик, ҳаммамиз учун маҳбуб бўлган ‘Аллоҳу акбар’ калимаси. Бу калима билан намозимизни бошлаймиз. Бу энг улуғ такбир. Мана шундай такбир ила инсониятга қарши жиноят қилиши Исломга тўғри келадиган нарса эмас», — дейди шайх.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: