22:59 | 18.11.23

                       

Эрдўғон Ғазодаги беморларни Туркияда даволатишини айтди

У геноцид масаласида зарур органларга мурожаат қилиб, Фаластин учун ҳамма нарсага тайёрлигини билдирган.

Хориж манбаларининг хабар беришича, Туркия Ғазо секторидаги геноцид масаласи бўйича зарур органларга мурожаат қилади ва бу ишни ярим йўлда қолдирмайди. Буни мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркия миллий талабалар иттифоқининг 62-бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида айтган.

Фото: BBC

«Икки миллиондан ортиқ адвокат билан биз геноцид масаласи бўйича керакли жойларга мурожаат қиламиз. Биз охиригача курашамиз ва уни ярим йўлда қолдирмаймиз»,- дея ваъда берган Туркия раҳбари.

Шу билан бирга, Эрдўғон бир кун олдинги Германияга қилган ташрифини ҳам эслаган.

«Бутун ғарбий дунё, салибчи имpериялистик тузилма сифатида биргаликда иш тутяпти. Афсуски, мен буни кеча Германияга ташрифим пайтида кўрдим. Мен буни ҳаттоки, Германия президентида ҳам сездим»,- деган Эрдўғон.

Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Исроил қўлида 10 мингга яқин гаровга олинган Фаластин аҳолиси мавжуд. У Берлинни фаластинлик асирларни озод қилиш масаласида ёрдам беришга чақирган.

Президент Эрдўғон Исроил ҳужумлари жиноят ҳисобланишини, бу ҳаракатлар халқаро миқёсда тергов қилиниши ва айбдорлар муносиб жазоланиши кераклигини айтган.

Бундан ташқари, у расмий Анқаранинг беморларни Туркияга олиб боришга қаратилган саъй-ҳаракатларини эслатган.

«Биз жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлганларни имкон қадар тезроқ Ғазодан Туркияга юборишга ҳаракат қилмоқдамиз. Миср билан музокараларимиз давом этмоқда»,- деган у.

Эслатиб ўтамиз, Исроил ва АҚШни зудлик билан суд қилиш учун Эрон президенти Иброҳим Раисий ҳам халқаро судни огоҳликка чақирганди. Исроил мудофаа вазири эса ҲАМАС Ғазо устидан назоратни йўқотганини эслатганди. Исроил президенти эса террорчилар пайдо бўлишининг олдини олиш учун мамлакат қўшинлари Ғазода қолишини айтганди. Кейин Исроил Ғазонинг ғарбий қисмини эгаллаб олганди.