17:57 | 30.06.21

                       

Эронда 33 йил олдин судсиз қатл қилинганлар ишини текшириш талаб қилинди

Қатлга Эроннинг янги президенти алоқадорлиги айтилган

БМТнинг Эрондаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус ҳисоботчиси Жаваид Раҳмон 1988 йилда Эронда амалга оширилган қатл этиш ҳолатлари бўйича мустақил тергов ўтказишга чақирди. Бу ҳақда «EIN Presswire» хабар берди.

Фото: «Rokna»

Ҳисоботчининг маълум қилишича, Эрондан қатл этиш ва оммавий қабрлар ҳақидаги далилларни йўқ қилишга уринишлар ҳақида хабарлар келиб тушган. «Менимча, бунинг вақти келди. Мамлакатнинг янги президенти Иброҳим Раисийнинг 1988 йилда содир бўлган воқеаларни текширишни бошлаши зарур ва аҳамиятлидир», — деган Раҳмон.

Унинг таъкидлашича, бундай тергов Эроннинг манфаатларига жавоб беради, чунки Ғарб давлатлари судья сифатида 1988 йилги воқеаларда Раисийнинг қўли борлиги ҳақида хавовтирга тушган. Эроннинг янги президенти инсон ҳуқуқлари бузилишидаги гумонлар туфайли АҚШ санкциялар рўйхатига киритилган.

Ўз ўрнида, Раҳмон Эронда содир бўлган воқеалар тўғрисида гувоҳларнинг баёнотлари борлиги ва уларни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига ёки тергов ўтказмоқчи бўлган бошқа ташкилотга топширишга тайёрлигини айтган.

Таъкидланишича, БМТ бош ассамблеясининг учинчи қўмитаси 1988 йилда Эронда инсон ҳуқуқлари тўғрисида резолюция қабул қилган, унда сиёсий маҳбусларнинг қатл этилишидан жиддий ташвиш билдирилган. Қарорда таъкидланганидек, мамлакатда ўзбошимчалик билан ва назоратсиз суд қарорлари чиқарилган, маҳкумлар қонуний ҳимоя ёки апелляция шикояти олиш имконига эга бўлмаган.

Шу билан бирга, қатл этилганлар орасида Эрон Халқ партияси раҳбарлари, Эрон халқининг федайинлар ташкилоти фаоллари, Эрон халқи мужоҳидлари ва бошқа ҳаракатлар ва сиёсий ташкилотлар борлиги таъкидланган. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти «Amnesty International» ва бошқа бир қатор нодавлат ташкилотларнинг фикрига кўра, қатл этилганлар сони 5 минг кишидан ошиши мумкин, аммо расмий Теҳрон 1988 йилги оммавий қатллар сонини очиқламаган.

Аввалроқ Эроннинг янги президенти Байден билан учрашмаслигини айтганди. Шунингдек, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Америка армиясининг ҳаракатларини қоралаганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: