21:10 | 12.12.23

                       

Фарғона ва Жиззахда масъуллар аҳолига дейилган имтиёзли кўмирни «еб юборишди»

Улар кўмирни аҳолига имтиёзли нархларда сотилганлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар тайёрлашган.

Фарғона вилоятининг Риштон туманида «Кўмир таъминот» МЧЖнинг Олтиариқ кўмир омбори мудири М.И. ва Риштон туманидан кўмир омборига бириктирилган жамоатчи вакил С.Э. биргаликда куз-қиш мавсумида Риштон аҳолисига имтиёзли нархда етказиб бериш учун ажратилган умумий баҳоси 774,1 миллион сўмлик 2578 тонна кўмирни сохта ҳужжатларни расмийлаштириш йўли билан бошқа шахсларга бозор нархида сотиб юборишиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент

Иккинчи бир ҳолатда эса, Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида ушбу МЧЖнинг «Дўстлик» кўмир омбори масъул шахслари 351 тонна кўмирни аҳолига имтиёзли нархларда сотилганлиги тўғрисида сохта ҳужжатларни тайёрлаганликлари аниқланган.

Ҳар иккала ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Андижонда имтиёзли кўмир беришни ваъда қилган ҳоким ёрдамчиси ушлангани ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: