1:21 | 15.12.23

                       

Фарғона водийси учун бензин ҳажми оширилади

Газ қуйиш шохобчаларига қўйилган вақтинчалик чекловлар водий вилоятларида бензинга бўлган талабни ошириб юборди.

Ҳаво ҳароратининг кескин тушиб кетиши ва Фарғона водийсида автомобилларга газ қуйиш шохобчалари фаолиятига қўйилган вақтинчалик чекловлар сабабли Андижон, Наманган ва Фарғона вилояти истеъмолчиларининг автобензинга бўлган талаби таклифга нисбатан кескин ошди.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи томонидан ишлаб чиқарилган автобензиннинг асосий қисми Фарғона водийси истеъмолчиларига етказиб берилиши таъминланмоқда.

Юзага келган ортиқча талабларни қондириш мақсадида Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводларининг автобензин ишлаб чиқариш қувватлари 3,3 минг тоннадан 4 минг тоннага оширилди ёки ўртача кунлик 700 тонна қўшимча автобензин ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Шунингдек, Россиядан импорт асосида SDK Group And корхонаси томонидан олиб келинаётган АI-92 K5 русумидаги автобензин ҳажми оширилди.

Бундан ташқари, 2022-2023 йилги аномал совуқ давридаги талаблардан келиб чиқиб, Фарғона водийсидаги АЁҚШларга етказиб бериладиган кунлик бензин ҳажми 400 тоннадан ўртача 800 тоннага оширилди. Бунинг учун талаб этиладиган 7,8 минг тонна бензин захираси Фарғона водийси учун сафарбар этилди.

Шу йилнинг 13 декабр кунидан бошлаб, «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан Фарғона водийсидаги АЁҚШларга жами 929 тонна жумладан, Андижон вилоятига 503 тонна, Наманган вилоятига 202 тонна ва Фарғона вилоятига 224 тонна автобензин етказиб берилди.

Истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида Фарғона водийсида Cаll-center ишга туширилди. Энди истеъмолчилар ҳафтанинг етти куни давомида соат 08:00 дан 20:00 гача нефт базалар билан боғланиб, автобензин таъминоти бўйича маълумот олишлари мумкин бўлади:

Андижон вилояти – (90) 759-00-27;

Наманган вилояти – (97) 251-70-00;

Фарғона вилояти – (73) 244-78-80.

Аввалроқ, «Ўзбекнефтгаз» ёқилғи қуйиш шохобчаларида АI-95 бeнзини тугаб, Bugun.uz бензин тугашидан бир ой олдин нархлар пасайгани ҳақда хабар берганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: