9:06 | 11.09.23

                       

Фарғонада тўрт киши қўлбола ароқдан заҳарланиб вафот этди

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Фарғонада тўрт нафар фуқаро қўлбола ароқдан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Bugun.uz

Маълум қилинишича, 2023 йилнинг 5 сентябр куни вилоятнинг Қўштепа туманида икки нафар, Олтиариқ туманида беш нафар фуқаро номаълум моддадан заҳарланиб, туман тиббиёт бирлашмаларига мурожаат қилган.

Ўша пайтда заҳарланганлардан бири вафот этган бўлиб, кеча, 10 сентябр куни Бош прокуратура берган маълумотга кўра, қурбонлар сони тўрт нафарга етган.

Аниқланишича, Қўштепа туманида яшовчи фуқаро А.Д. бир гуруҳ шахслар билан тил бириктириб, қўлбола усулда алкоголли маҳсулотлар тайёрлаган. Уларга «Актау» ва «Каратау» номли ёрлиқларни ёпиштириб, умумий овқатланиш шохобчаси ва бир оилавий корхонага сотган.

Ҳолат юзасидан 6 сентябр куни Жиноят кодексининг 186 (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) ва 186-1-моддалари (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумондор процессуал тартибда ушланган.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этаётгани хабар қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда ноқонуний равишда ароқ ишлаб чиқарган цех аниқланганди. Яна бир ҳолатда ушбу вилоятда уйида ароқ ишлаб чиқараётган эркак ушланган. Тошкентда эса қалбаки ароқ сақланган омборхона аниқланган. Шунингдек, Қорақалпоғистонда 3,6 миллион сўмлик қалбаки ароқ сотаётганлар қўлга олинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: