14:07 | 17.01.24

                       

Фарғонада 11 ёшли қизни зўрлаб, ўлдирган икки нафар ўсмирларга ҳукм ўқилди

Ижтимоий тармоқларда қизнинг онаси суд ҳукмидан норози бўлиб, енгил жазо тайинланганини айтиб чиққани видеоси эълон қилинди.

Фарғона вилоятида 11 ёшли қизнинг номусига тегиб, ўлдирганликда айбли деб топилган икки нафар ўсмирга 13 ва 14 йил муддатда озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди. Бу ҳақда Фарғона вилояти судлари матбуот хизмати хабар брмоқда.

Суд ҳукми эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда видеомурожаат эълон қилинди, унда жабрланувчининг қонуний вакили Қ. И. жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2024 йил 15 январдаги ҳукмидан норози бўлиб, гўёки судланувчи вояга етмаган Б.Х.га енгил жазо тайинланганлигини иддао қилган.

Фото: Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеодан кадр

Судланувчилар Б. Х., М. С. ва Д. А.га оид жиноят иши ёпиқ суд мажлисида кўрилгани боис иш тафсилоти ошкор этилмаслиги маълум қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2024 йил 15 январдаги ҳукми билан судланувчи вояга етмаган М.С.га Жиноят кодекси 25,97-моддаси 2-қисмининг «в,з,о» бандлари, 118-моддасининг 4-қисми (Номусга тегиш), 119-моддасининг 4-қисми (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан ушбу Кодекснинг 85-моддаси ҳамда 59-моддасининг 3-қисми тартибида 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Судланувчи вояга етмаган Д.А.га Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг «в,з,о» бандлари, 118-моддасининг 4-қисми ва 119-моддасининг 4-қисми билан ушбу Кодекснинг 85-моддаси ҳамда 59-моддасининг 3-қисми тартибида 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

«Жабрланувчи қонуний вакили Қ.И нинг судланувчи вояга етмаган Б. Х.га озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо тайинлаш ҳақидаги важлари асоссиздир», дейилади хабарда.

Чунки, судланувчи вояга етмаган Б. Х.нинг судланувчилар М. С. ва Д.А. томонидан содир этилган ўта оғир жиноятлар ҳақида аниқ билгани ҳолда олдиндан ваъда бермасдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига айтмасдан, жиноятни яширганликдаги ҳаракатлари Жиноят кодекси 241-моддасининг 2-қисми билан квалификация қилинган.

Жиноят кодексининг 15-моддасига кўра, судланувчи вояга етмаган Б. Х. айбланган моддада назарда тутилган жиноят унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига кириши, ушбу Кодекснинг 85-моддасида вояга етмай туриб қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланмаслиги белгиланган.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 85-моддаси талабига кўра, озодликдан маҳрум қилиш жиноят содир этиш пайтида ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга нисбатан ўта оғир жинояти учун ўн йилгача, Жиноят кодексининг 86-моддаси талабига кўра, жиноятлар мажмуи тариқасида агар содир этилган жиноятларнинг биттаси ўта оғир жиноят бўлса, ўн беш йилгача муддатга тайинланиши мумкин.

Суд, мазкур қонун талабларига риоя қилган ҳолда вояга етмаган М. С.га 14 йил, Д.А.га эса 13 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган. Ҳукмдан норози тарафларга шу суд орқали тегишли муддатда Фарғона вилоят судига апелляция тартибида шикоят бериш ҳуқуқи тушунтирилган.

Судланувчи вояга етмаган Б.Х.га Жиноят кодекси 241-моддасининг 2-қисми билан Кодекснинг 62,84 п1-моддалари тартибида 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: