17:05 | 29.02.24

                       

Фарғонада бировнинг YouTube аккаунтини олиб қўйган 17 ёшли йигит ушланди

Фарғонада бировнинг YouTube аккаунтини олиб қўйган 17 ёшли йигит ушланди. Йигит YouTube видеохостингидаги аккаунтини 2,5 миллион сўмга сотиб олишини айтиб, логин ва паролни қўлга киритганидан сўнг уни қора рўйхатга киритиб қўйган.

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида ўзганинг YouTube’даги аккаунтини бошқариш ҳуқуқини ноқонуний равишда қўлга киритган шахс ушланди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.

Фото: Bugun.uz

Маълумотларга кўра, Қўқон туманида яшовчи 20 ёшли Ғ.А. мурожаат қилиб, Telegram мессенжерида номаълум шахс томонидан 2,5 миллион сўм миқдоридаги пул маблағлари фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу жиноятни Ўзбекистон туманида яшовчи 17 ёшли Т.М. содир этгани аниқланган.

Унга кўра, Т.М., Ғ.А. билан Telegram’да танишиб, унинг YouTube видеохостингидаги аккаунтини 2,5 миллион сўмга сотиб олишини айтган. У аккаунтни бошқариш имкониятини қўлга киритгандан сўнг логин ва паролни ўзгартириб, Ғ.А. билан ёзишмаларни ўчириб юборган ва уни қора рўйхатга киритиб қўйган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «б, г» билан жиноят иши қўзғатилиб, Т.М.нинг содир этилиб фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: