15:41 | 26.05.24
Фарғонада машинасини туртиб юборган ҳайдовчини пичоқлаган эркак 4 йилга қамалди. У бундан аввал ҳам жиноят содир этганлиги аниқланган.
Фарғонада йўловчи ташиш машина ҳайдовчисини пичоқлаган эркак 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилингани маълум қилинди.
Хабар берилишича, фуқаро Йўлдошев ўзининг бошқарувида бўлган Nexia машинасида Фарғона шаҳрига кирувчи чорраҳада тўхтаганида орқасидан Хўжамназaров йўловчи ташиш машинасида келиб тўхтаган. Иккала ҳайдовчилар бир бирини тушунмаслиги оқибатида йўловчи машина енгил машинани туртиб олган. Бундан жаҳли чиққан Йўлдошев машинасидан тушиб, Хўжамназaровни ҳақоратлаб кетган. Йўлдошев қўлига пичоқ олиб келаётганини кўрган Хўжамназaров машинасига ўтириб кетиб юборган.
Шундан сўнг, йўловчиларни тушириб, автотураргоҳга борган Хўжамназаров Йўлдошев билан жанжаллашиб кетган. Хўжамназаров ерда турган пластик бўлагини олиб ўқталганида, Йўлдошев ўзи билан олиб келган пичоқни унинг қорнига қасддан санчиб, тан жароҳати еткизган. Хўжамназаров шифохонада ётиб, даволанган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши очилиб, тергов ишлари олиб борилгач иш Фарғона шаҳар суд ишида кўриб чиқилди. Судланувчи Жиноят Кодексининг 105-модда (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) ва 276-модда билан айбли деб топилди. У Жиноят Кодексининг 59-модда (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 60-модда (Бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) ҳамда 66-модда (Жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) билан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Маълумотларга кўра, суд судланувчининг айбига иқрорлиги ва пушаймонлигини, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлигини, муқаддам жиноят содир этиб, қасддан яна жиноят содир этганлигини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида инобатга олиб жазо тайинлаган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: