9:11 | 09.06.24
Фарғонада ўғил онасининг бармоқларини кесиб ташлади.
Марғилон шаҳрида ўғил алаҳсираб онасига ва ўзига оғир тан жароҳати етказди.
Хабар берилишича, охирги пайтларда Марғилон шаҳрида яшовчи фуқаронинг руҳий саломатлигида ўзгаришлар кузатилган. Онанинг сўзларига қараганда, ўғлининг аҳволи ёмон ҳолатга келиб, кўзига тез-тез бир нималар кўринадиган бўлиб қолган. Шундан сўнг, она ўғлини бир неча маротаба шифохонага олиб келиб, маълум вақт даволатган. Ўша куни ҳам унинг кўзига бир нималар кўринган ва онасини калтаклаб кетган. Шунингдек, ўғил қўлидаги қайчи билан онасининг бармоқларини кесиб ташлаган.
«Ҳовлида ток қайчи бор эди. Узумларни кесардик. Қўлига ток қайчи тушиб қолибди, ўзимни эплай олмадим», — деди она.
Онасига жароҳат еткизгандан сўнг, ўғил қўлида пичоқ билан кўчага чиқиб кетган. У Тошлоқ туманидан Марғилон шаҳридаги бозорга келган. Сўнгра, мато сотиладиган жойда ўзига шикаст етказган.
«Шу ерда ўзига қаттиқ пичоқ урди. Таҳминан 7-8 сантиметр қорнига пичоқ кирди», — деди бозордаги сотувчилардан бири.
У ўзини шикастлагандан кейин, у ердан ҳам қочиб кетган. Шифокорлар ва орган ходимлари уни Марғилон шаҳридаги Мустақиллик кўчасида ушлашган. Унинг аҳволи оғир бўлгани сабабли, шошилинч равишда операция қилинган.
«Хирурглар бригадаси тезлик билан уни операцияга олдик. Чунки қорин соҳасида катта тиғли жароҳат бор эди», — деди шифокор.
Тез тиббий ёрдам ходимлари кўмаги билан қон тўхтатиб қолинган. Беморнинг руҳий ҳолати ҳамон ўзгармаган. У саволларга жавоб беришни истамаяпти. Психиатор келиб бир неча маротаба гаплашмоқи бўлган, лекин бемор ҳеч нарса айтмаган. У фақат тинмасдан йиғлаяпти.
«Жиноят содир бўлгани учун ҳозирда чуқур даражадаги депрессия диагнозини қўйдим. Умумий ҳолат яхшилангандан сўнг уни руҳий касалликлар шифохонасига ётқизиш керак бўлади», — деди Марғилон шаҳар бош психиатори.
Юзи ва қўлларидан жароҳатланган онанинг аҳволи оғир бўлгани сабабли уни ҳам операция қилишган.
«Иккала қўллари бешинчи ва биринчи бармоқлари кесилган ҳолда олиб келинди. Аҳвол ёмонлиги сабабли тезда операцияга олинган. Ҳозирда онанинг аҳволи қониқарли», — деди травматолог.
ИИБ ахборот хизмати хабарларига кўра, йигитга нисбатан Жиноят Кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: