22:17 | 05.02.24

                       

Фарғонада қарийб 150 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментнинг ҳудудий бўлимлари томонидан текширувлар ўтказилди. Ўрганиш ишлари давомида Учкўприк, Бухоро ва Юқори Чирчиқ туманларида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментнинг ҳудудий бўлимлари томонидан электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш бўйича текширувлар ўтказилди.

Департаментнинг Учкўприк туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Қўқон шаҳар «Марғилон» маҳалласи ҳудудидаги хонадонда яшовчи У.Х. ҳеч қандай ҳужжатсиз компьютер ўйинлари хизматини ташкил этиб, компьютерларни тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, жами 144,7 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Шу каби департаментнинг Бухоро туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда «Гулшанобод» маҳалласи ҳудудидаги хонадонда яшовчи И.А. ўз уйида майнинг крипто-активлари қурилмаларини тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, жами 138,1 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Худди шундай департаментнинг Юқори Чирчиқ туман бўлими томонидан «Ўзенергоинспекция» Тошкент вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда Бўстонлиқ тумани «Қораманас» маҳалласи ҳудудидаги хонадонда яшовчи Н.Д. ўз уйида майнинг крипто-активлари қурилмасини тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, жами 112,3 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. Ушбу модда билан судланган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил январь ойи охирида Бош прокуратура ҳузуридаги департамент Андижон ва Наманганда электр энергияси тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатларини фош этганди. Жумладан, Янги Наманган туманидаги компьютерхона, Асака ва Шаҳрихон туманларидаги фермер хўжаликлари жами 272 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: