9:59 | 10.02.24

                       

Фарғонадан Олмаотага тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши мумкин

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут Атамқулов билан учрашди. Учрашувда вилоят билан Қозоғистон ўртасидаги ҳудудлараро сармоявий, савдо-иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати таҳлил қилиниб, ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Фарғонанинг Олмаота шаҳрига тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 9 февраль куни Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқуловни қабул қилди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Учрашувда Фарғона вилояти билан Қозоғистон ўртасидаги ҳудудлараро сармоявий, савдо-иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати таҳлил қилиниб, ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ҳозирда Фарғона вилоятида Қозоғистон капитали иштирокидаги 19 корхона фаолият кўрсатмоқда, Фарғона вилоятининг Қозоғистон билан ташқи савдо айланмаси ўтган йили 245 миллион долларга тенг эканлиги қайд этилиб, бу кўрсаткичларни сезиларли даражада ошириш учун барча шарт-шароит ва имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Учрашувда олий таълим соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, минтақaда дунёнинг етакчи олий таълим муассасаларида Қозоғистоннинг 1000 та энг яхши университетларидан бирининг филиалини очиш, фарғоналик ёшларни Қозоғистон олий ўқув юртларида грант асосида ўқишини ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, Фарғонанинг Олмаота шаҳрига тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш ҳам учрашув кун тартибидан ўрин олди. Яқин вақт ичида Фарғона вилояти мутасаддилари ва ишбилармонларидан иборат делегациянинг Қозоғистоннинг бир қанча йирик вилоятларига ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: