18:19 | 17.02.24

                       

Фавқулодда Самарқанддаги аэродромга қўнган рейс багажлари ҳақида расмий маълумот берилди

Фавқулодда Самарқанддаги аэродромга қўнган рейс багажлари олти соатдан ошиқ вақт ушлаб турилгани ҳақидани хабарларга расмий муносабат берилди. Биринчи юк 23:25 да, охиргиси 00:42 да юк камарларига узатилгани айтилмоқда

Тошкент шаҳрида об-ҳаво шароитининг кескин ёмонлашиши (қаттиқ қор) муносабати билан Дубай-Тошкент йўналиши бўйича парвоз қилаётган HY-334 рейси экипажи парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Самарқанддаги муқобил аэродромга учишга қарор қилди. Бу ҳақда Uzbekistan airports ахборот хизмати хабар берди.

Махлум қилинишича, маҳаллий вақт билан соат 17:46 да самолёт Самарқанд аэропортига қўнган.

Пойтахтда об-ҳаво шароити яхшиланиши билан, Тошкент вақти билан соат 21:25 да самолёт Самарқанддан манзил аэропортига учиб, 21:55 да Тошкент аэропортига келиб қўнди. Соат 22:25 да самолёт тўхташ жойига келиб турган ва йўловчиларни самолётдан тушириш бошланган. Соат 23:00 да эса юкларни тушириш бошланган. Самолёт бортида 189 та йўловчи бўлган. Биринчи юк 23:25 да, охиргиси 00:42 да юк камарларига узатилган.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда ушбу рейсда йўловчилар багажи олти соатдан ошиқ берилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Самолёт тўхташ жойига турган пайтдан бошлаб, сўнгги юк камарга жойлаштирилгунга қадар 127 дақиқа ўтган.

«Юкларни самолётдан тушириш соат 23:00да бошланганини ҳисобга олсак, фақат багажни олиш учун сарфланган вақт 102 дақиқани (бир соату қирқ икки дақиқа) ташкил этмоқда.

Ҳа, аэропорт стандартларига кўра, бу одатдагидан кўпроқ. Бугунги кунда ‘Тошкент’ аэропортининг хендлинг хизматлари юкларни самолётдаги юк сонига қараб ўртача 35-40 дақиқада етказиб беради. Кечаги ҳолатда, кечикишга бир вақтнинг ўзида бир нечта омиллар таъсир кўрсатган – об-ҳаво шароити, кучли қор ёғиши туфайли аэродромда ҳаракат жуда қийинлашгани ва одатий жадвалнинг бузилиши – самолёт белгиланган вақтда эмас, балки анча кечроқ келган, шу сабабли бир вақтнинг ўзида катта миқдордаги юклар билан бир нечта рейсларнинг кесишуви содир бўлган. Бу форс-мажор ҳолат ҳисобланади. Ўз навбатида, юз берган кечикиш учун узр сўраймиз ва ушбу рейс йўловчилари бизни тушунишларига умид қиламиз», — дейилади хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: