20:19 | 02.12.23

                       

FIFA терма жамоалар рейтингини эълон қилди

Ўзбекистон ушбу рейтингда беш поғонага кўтарилди.

Халқаро футбол федерацияси (FIFA) 2023 йилги мамлакатлар рейтингини эълон қилди. Ушбу рейтингнинг дастлабки бешталигига Аргентина, Франция, Англия, Белгия ҳамда Бразилия терма жамоалари кирган. Аргентина ва Франция рейтингнинг юқори ўринда бўлишига айнан Қатарда ўтказилган Жаҳон чемпионати-2022 нинг финалига етиб боргани сабаб бўлган. Англия, Белгия терма жамоаларида эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш кузатилган.

Фото: FIFA

Ўзбекистон эса FIFAнинг янгиланган рейтингида 1 345,26 очко билан беш поғонага юқорилаб, 73-ўриндан 68-ўринга кўтарилган.

Фото: FIFA

Осиё рейтингида эса 9-ўринга кўтарилиб, Уммондан ўтиб кетган. Осиёнинг энг кучли 10 та терма жамоаси сафида, шунингдек, Япония, Эрон, Жанубий Корея, Австралия, Саудия Арабистони, Қатар, Ироқ ва БАА мавжуд.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси ноябр ойида Жаҳон чемионати-2026 саралаш ўйинлари доирасида Туркманистонни 3:1 ҳисобида мағлуб этганди. Эронга қарши ўйинда эса 2:2 ҳисобида дуранг натижани қайд этганди.

Аввалроқ, Ўзбекистон U-17 Англия терма жамоасини мағлуб этиб, ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида чорак финалга йўл олганди. Бироқ, ярим финал йўлланмасини берадиган ўйинда Францияга имкониятни бой берганди.

Бундан ташқари, FIFA ўзининг 2022 йилдаги рейтингида Ўзбекистоннинг 77-ўриндалигини қайд этганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: