17:40 | 26.10.23

                       

Франция президенти Ўзбекистонга келади

Эммануэл Макрон Ўзбекистон ва Қозоғистонни ислоҳотлар йўлида қўллаб-қувватлаш ниятида.

Франция президенти Эммануэл Макрон 2023 йилнинг 2 ноябр куни Қозоғистонга ташрифи якунланганидан сўнг Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда AFP Елисей саройидаги манбасига таяниб хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Франция Қозоғистон ва Ўзбекистонни ислоҳотлар ва модернизация йўлида қўллаш, ушбу мамлакатларнинг халқаро муносабатларини диверсификация қилишга ҳисса қўшиш, уларнинг мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Европа билан муносабатларини мустаҳкамлашда иштирок этиш ниятида.

Францияни Марказий Осиёнинг икки давлати билан яқинлаштирган жиҳат иқтисодий соҳада, хусусан, энергетика соҳасида муҳим материаллар етказиб бериш, транспорт, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва мудофаа соҳаларида ҳамкорлик қилиш мақсади экани таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция президенти Қозоғистонга бориши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қозоғистонга 3 ноябр куни Венгрия бош вазири Виктор Орбан ҳам ташриф буюради. Шу куни Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг юбилей Х саммитида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон етакчиси Садир Жапаров, Озарбайжон президенти Илҳом Алиевлар ҳам қатнашиши кўзда тутилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: