11:00 | 30.11.23
Хонадонлардан «йиллик тўлов» йиғиб юрган махсус кийимдаги «ўт ўчирувчилар»нинг ФВВга алоқаси йўқлиги маълум қилинди.
Куз-қиш мавсуми бошланиши билан Ўзбекистон бўйлаб, айниқса, ҳудудларда махсус кийим-бошдаги шахслар ўзларини Давлат ёнғин назорати органи «пожарний» ходими сифатида таништириб, фуқаролардан «йиллик тўлов» қабилида турли миқдордаги пул маблағларини мажбурий тарзда ноқонуний йиғиш ҳолатлари кузатилмоқда, деб хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Юқорида айтиб ўтилган шахсларнинг ФВВ фаолиятига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги, шу билан бирга, ёнғин ва унинг олдини олиш билан боғлиқ тадбирлар учун вазирлик тизими ходимлари томонидан ҳеч қандай пул йиғимлари, бошқа турдаги тўловлар ундирилмаслиги билдирилган.
Маълумот ўрнида ҳозирда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида фавқулодда вазиятлар, ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган тадбиркорлик субъектлари фаолият юритади. Уларнинг низомларида ҳам фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш юзасидан аҳолига хизмат кўрсатиш вазифалари белгиланган.
Шу муносабат билан вазирлик аҳолидан қуйидагиларга эътибор қаратишини сўраган:
«Агар, хизмат кўрсатмасдан ва сиз ёки оила аъзоларингизни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш юзасидан бирор ишларни бажармасдан, Сиздан мажбурий тартибда тўлов талаб қилинса, ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш мақсадида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этишингиз мумкин», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги Тошкентда сохта СЭС ходимлари пайдо бўлгани ҳақида огоҳлантирганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: