21:43 | 16.01.24

                       

Қашқадарёда университет талабасининг унаштируви тўхтатилди

Бир неча йилдан буён таниши бўлган йигит турмушга чиқишга ундаб, унга босим ўтказган. Ота-она эса қизнинг розилигисиз унаштирув маросимини уюштирган.

Шу йилнинг 15 январ куни Қашқадарё вилоятидан Болалар омбудсманига 17 яшар М.М. исмли қиз томонидан мурожаат келиб тушган.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан бугун, 16 январ куни мурожаатчи қизнинг шахсан ўзи қабул қилинган.

Фото: Болалар омбудсмани

Қизнинг айтишича, ҳозирда у университетнинг биринчи босқичида ўқимоқда ва ўқишини давом эттириш ниятида. Бир неча йилдан буён таниши бўлган О.Б. исмли йигит унга турмушга чиқишига ундаб, турли шаклда босим ўтказиб келмоқда. О.Б. ва М.М. нинг ота-оналари ўзаро келишиб, қизнинг розилигисиз унаштирув маросимини ўтказган. Ҳозирда эса йигит томонидан турмушга чиқишга ундаб, руҳий босим ўтказилмоқда.

Ҳолат Болалар омбудсмани томонидан алоҳида кузатувга олиниб, тезкор равишда прокуратура ва ички ишлар органлари томонидан ўрганилган. Ҳозирда О.Б. ва қизнинг ота-онаси аёлни турмушга чиқишга мажбурлаш ҳаракати жиноий жавобгарликка асос бўлиши ҳақида огоҳлантирилиб, бунинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилган.

Шунингдек, М.М. га ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордери тақдим этилиб, унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилган.

Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47−3-моддаси (никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш)га кўра, ушбу ҳуқуқбузарлик БҲМнинг беш бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, Жиноят кодексининг 136-моддаси (аёлни эрга тегишга мажбур қилиш) га кўра, жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, уч йилгача озодликдан чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазолари белгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: