16:50 | 27.12.23

                       

Галата минораси конусида қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда

Конус таъмирланаётган бўлсада, миноранинг саккизинчи қаватидан ташқари қолган етти қаватини фуқаролар зиёрат қилишлари мумкин.

Дунёнинг энг қадимий миноралари қаторида саналган ва Истанбулнинг рамзларидан бири бўлган Галата минорасининг конус қисмида қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

2013 йилда ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси вақтинчалик рўйхатига киритилган ва Истанбул силуэтининг муҳим тузилмаларидан бири бўлган минора устида олиб борилаётган таъмир ишларининг 2024 йил апрел ойида якунланиши режалаштирилган.

Шунингдек, Галата минораси музейи директори Мурат Бозжу, 8-терасса қаватининг ноябр ойи бошида таъмирлаш ишлари сабабли зиёратчилар учун ёпилганини маълум қилган.

  • Маълумотларга кўра, сўнгги ойда минорага кунлик 1800 киши ташриф буюрган.

Галата минорасининг содир бўлиши мумкин бўлган Истанбул зилзиласига чидамлилигига оид барча таҳлил ишларининг энг яхши шароитларда амалга оширилганига эътибор қаратган Бозжу қуйидаги маълумотларни берди:

«Ушбу таҳлил ва синовларнинг дастлабки натижалари аста-секин қўлимизга кела бошлади. 1960 йилларда Галата минорасида темир-бетон тиргович қурилган. Дастлабки маълумотларга кўра, бу темир-бетон арматурa ҳали ҳам жуда яхши ҳолатда. Бу жуда қувонарли янгилик. Бунга қўшимча равишда, эҳтиёткорлик сифатида, бу арматура энг самарали материаллар ва техникалар билан мустаҳкамланади. Шундай қилиб, минорада зилзилаларга қарши зарур мустаҳкамлаш ишлари ўз ниҳоясига етади».

Конусдаги қайта таъмирлаш ишларига қарамасдан миноранинг 8-қаватидан ташқари қолган 7 қавати ташриф буюрувчилар учун очиқ эканлигини таъкидлаган Бозжу, фуқароларнинг Музей картаси билан ҳеч қандай тўловларсиз минорани зиёрат қилишлари мумкинлигини қўшимча қилган.

 

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: