13:21 | 30.01.23

                       

Ғарб Эрондаги дронлар ҳужуми ортида Исроил турибди деб ҳисоблаяпти

Араб ОАВлари эса ҳужумга АҚШ ва «яна бир давлат» алоқадорлигини таъкидламоқда

29 январга ўтар кечаси Эроннинг Исфаҳон шаҳридаги мамлакат Мудофаа вазирлигига тегишли заводларнинг бирида портлаш содир бўлди. Эрон Ҳарбий идораси ишлаб чиқариш мажмуасига мини-дронлар томонидан уюштирилган «омадсиз ҳужум» ҳақида маълум қилди. Дронлардан бири ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари орқали уриб туширилган, яна иккитас «мудофаа тузоғига тушиб қолиб, портлаб кетган». Эрон Мудофаа вазирлиги ўз баёнотида заводга ҳужум қилган дронлар кимга тегишли эканига аниқлик киритмаган. Вазирликка кўра, ҳеч ким жабр кўрмаган, цехлардан бирининг том қисмига шикаст етган.

Бироқ The Jerusalem Post’нинг ғарб разведкасидаги манбаларига таяниб ёзишича, Исфаҳонга уюштирилган дронлар ҳужуми «феноменал муваффаиқят»га эришган ва нафақат цехнинг том қисми зарар кўрган. Шу билан бирга, нашр воқеа тафсилотларини келтирмаган ва ҳужум ортида ким турганига ойдинлик киритмаган.

Эрондаги воқеаларни ёритувчи ғарб ОАВлари маълумотларига кўра, ҳужум учувчисиз учиш қурилмаларини ишлаб чиқарувчи корхонага уюштирилган. Эрон Мудофаа вазирлиги ушбу заводда айнан нима ишлаб чиқарилганини маълум қилмаган. Британия Мудофаа тадқиқотлари институти (RUSI) олдинроқ Исфаҳон яқинида Shahed 131/136 камикадзе-дронларини ишлаб чиқаришга боғлиқ Shahed Aviation Industries корхонаси жойлашганини маълум қилган. Россия бундай дронлардан Украинага қарши урушда фойдаланмоқда.

Якшанбага ўтар кечаси ижтимоий тармоқларда Эроннинг бошқа шаҳарларида ҳам портлаш ва ёнғинлар содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Iran International мустақил телеканали ва BBC’нинг гувоҳларга таяниб маълум қилишича, Теҳрон шимоли-ғарбида, Дизпул ва Решт шаҳрида, шунингдек, мамлакатнинг ғарбий ва шимолий қисмларида, Хамадон авиабазасида ҳаво тревогаси сиреналари ишга тушган. Эрон армияси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари жанговар шай ҳолатга келтирилган.

Tasnim хусусий ахборот агентлигининг ёзишича, Шахид-Салими шаҳридаги мотор мойи ишлаб чиқарадиган корхонада ёнғин юз берган. минтақа Эроннинг бошқа бир вилояти, Ғарбий Озарбайжон яқинида жойлашган — бу вақтда у ереда 5,9 магнитудали зилзила содир бўлганди (уч киши ҳалок бўлган, 800 дан ортиқ одам жароҳат олган).

Маҳаллий ҳукуматларнинг маълум қилишича, ичида нефть маҳсулотлари бўлган айрим резервуарлар иссиқлик сабаб портлаб кетган ва ёнғин келиб чиққан. Ҳалок бўлган ва жабрланганлар ҳақида маълумотлар йўқ. Ёнғин ўчириш хизмати машиналаридан бири ёниб кетгани маълум, холос.

Кейинроқ IRNA давлат агентлиги ижтимоий тармоқларда Эрон шаҳарларида юз бергани айтилган портлашларга оид маълумотларни «Исроил медиаҳужум доирасида қасддан тарқатган»ни ёзди.

Дронлар ҳужуми бўйича масъулиятни ҳозирча ҳеч ким зиммасига олмаган. Ҳужумда Исроил ва АҚШ гумонланмоқда. Айрим ОАВлар Эронга уюштирилган ҳужум вақтида Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг баёнотига эътироб қаратган — у Эрондаги портлашлардан бир неча соат олдин чиқиш қилганди. Нетаньяхунинг айтишича, шанба куни кечқурун Исроил терроризмга қарши курашга йўналтирилган «бир нечта қадамларни зудлик билан» амалга оширади.

Бундай баёнотга сабаб охирги кунларда Қуддусга уюштирилган ҳужумлар сабаб бўлган (27 январь куни Шарқий Қуддусда яшовчи 21 ёшли фуқаро синагогадан чиқаётганларни ўққа тутган; камида етти киши ҳалок бўлган, уч киши яраланган; эртаси куни эса 13 ёшли ўсмир «Довуд шаҳри» археологик қазилмалари ҳудуди кўчасида икки кишини яралаган).

The New York Times маълумотларига кўра, Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига боғлиқ Telegram-каналлар дронлар ҳужумида тўғридан тўғри Исроилни айблаган ва «Эрон жавоб қайтаришидан» огоҳлантирган. Ғарб ОАВлари, хусусан, Reuters ва Associated Press ҳам Эрон мудофаа заводидаги портлашлар ортида Исроил турганини тахмин қилмоқда. «Эрон ва Исроил охирги уч йилдан берид ерда, сувда, ҳавода ва кибермаконда яширин уруш олиб бормоқда. Бу вақт давомида Исроил Эрон ҳарбий ва ядровий объектларини ўққа тутди, шунингдек, Эрон олимлари ва юқори мартабали амалдорларига суиқасд уюштирди», — деб ёзади The New York Times.

«Ал-Арабия» ва «Ал-Хадат» араб телеканаллари Америкадаги манбаларига таяниб, Исфаҳондаги заводга уюштирилган ҳужум ортида АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари ва «яна бир давлат» иштирок этганини ёзмоқда, ҳужум баллистик ракеталар омборига уюштирилган. «Ал-Хадат» манбасининг таъкидлашича, Исроил ҳужумда иштирок этмаган; операциянинг мақсади — Эрон ва Россияга «баллистик ракеталар заводини яратиш ва экспорт қилиш тақиқланганиби» билдириб қўйиш.

Ўз навбатида The Wall Street Journal’нинг ёзишича, Эрондаги мудофаа корхонасига зарбани Исроил берган. Бу ҳақда нашрнинг АҚШ расмийлари орасидаги манбалари ва «операциядан хабардор» манбалари берган. Газета маълумотларига кўра, ҳужум АҚШ ва Исроилнинг Эронни ядровий ва ҳарбий кучларини тўхтатишнинг янги усуллари, жумладан, Россия билан ҳамкорлигини тўхтатиш фонида амалга оширилган.

«Уруш мантиғи шафқатсиз ва ҳалокатли. У ўз муаллифлари ҳамда уларнинг шерикларига қатъий ҳисоб чиқариб беради… Украина сизларни огоҳлантирган», — дейди Украина президенти офисининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк. Исроил ва АҚШ ҳозирча Эрондаги воқеалар бўйича расмий баёнот билан чиққани йўқ.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: