22:25 | 26.06.24

                       

Гиёҳвандлик – офат

Ҳар йили дунёнинг кўплаб мамлакатларида 26 йюнь Халқаро гиёҳвандлик ва гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш куни сифатида нишонланади.«Наркомания».Яқинларимизни бу офат хуружидан қандай сақлаб қолишимиз мумкин?

Гиёҳвандлик нима?

Гиёҳвандлик – турли усуллар (ютиш, ҳидлаш, ички инъекция) билан беҳуш қилувчи ёки оғриқни олиш  мақсадида қўлланадиган гиёҳвандлик моддаларига ружу қўйишдир.

Гиёҳвандлик моддалари ҳақидаги Халқаро маъруза маълумотларига кўра дунё бўйича 15 ёшдан 64 ёшгача бўлган 284 миллион  киши гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилади. Афсуски, гиёҳвандлик йил сайин ёшармоқда. Ёшлар орасида гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш кўпайган, кўпгина мамлакатларда  аввалги авлодга нисбатан ёшлар орасида гиёҳвандлик истеъмоли ошган. Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларидаги 35 ёшли одамлар орасида гиёҳвандликка муккасидан кетиш билан боғлиқ бузилишлардан касалланганлар сони кўпчиликни ташкил этади.

Дунё бўйича 11,2 миллион нафар киши инъекцион гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилади. Уларнинг ярми С гепатит, 1, 4 миллиони ОИТС, 1,2 миллион нафри эса ҳар икки касалликка чалинган.

БМТ гиёҳвандлик ва жиноятчилик бошқармаси таъкидлашича, 2020-2021 йил оралиғида кокаин етиштириш 35 фоизга ошиб, рекорд даражага етган. Ушбу ўсиш нафақат кокаин экиш , балки  уни кимёвий жараёнда  ишлаб чиқариш билан ҳам боғлиқ.

Жануби-Шарқий Европа, шунингдек Ғарбий ва Марказий Африка мамлакатлари кокаин транспортировкаси бўйича транзит  ролини ўтайди. Наркотик савдоси билан шуғулланувчилар Европа мамлакатларига кўп миқдорда кокаин етказиб бермоқда.

Ўсмирлар орасида гиёҳвандлик сони ошишига нима сабаб бўлади? Мутахассислар фикрича, қуйидагилар ёшларни гиёҳвандликка етаклайди:

  • Яқинлари томонидан севги ва эътиборнинг етишмаслиги;
  • Ўз онги устида эксперимент (одатда, ушбу мотивациядан ақлли ёшлар фойдаланишади, улар етарли даражада ўқимишли, специфик, бадиий адабиётни ўрганади,  белгиланган чегараларни бузиб ўтмаслик учун барча воситаларни қўллайди);
  • Қизиқиш;

Гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилишга исён ҳам сабаб бўлиши мумкин. Яъни, ўсмир оиласи ва жамият амал қиладиган қадриятларга қарши исён  сифатида гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилади. Улар масъулиятни ҳис этишмайди, ҳар нарсадан лаззат излашади. Ўзларида масъулият ҳисси бўлмагани сабабли улардан устун бўлганлар билан низога киришади.

Гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилишга «ундовчи» яна бир сабаб – ички низолар, ижтимоийлашув муаммолари.

Ўзига нисбатан ишончи паст , ўзини бошқалардан устун деб биладиганларда гиёҳвандлик аломатлари кузатилади. Уларда қониқмаслик, бахтсизлик, хавотир, зерикиш, ўзига ишонмаслик, депрессия устунлик қилади. Улар ўзларини уйда, оилада, тенгдошлари билан муносабатларда ёлғиз ҳис этишади. Бундай вазиятларда ўсмир қўшимча «оғриқсизлантирувчи»га нисбатан эҳтиёж сезади. Бироқ тажриба шуни кўрсатадики, кўпчилик ўсмирлар ўзлари яратган хом хаёл дунёсида ўралашиб қолади ва «оғриқлари»га «малҳам» излайди. Эмоционал қийинчиликларда бўлган баъзи ўсмирлар гиёҳванд модда ёки спиртли ичимлик депрессияни енгишда ёрдам беради, аҳволимни енгиллаштиради, деб ўйлайди. Бироқ, гиёҳвандлик воситаси ва алкогол вақтинчалик енгиллик беради, холос.

Гиёҳвандлик оқибатларини уч гуруҳга бўлиш мумикн: тиббий, руҳий ва  ижтимоий.

Тиббий оқибатлар:

Депрессия– руҳий сиқилиш ёки зерикий кайфияти. Гиёҳвандларда депрессия гиёҳвандлик воситасини қабул қилмаган пайтда намоён бўлади.

Миқдорини ошириб юбориш (передозировка)- бу ҳолат гиёҳвандларнинг ҳаётида тез-тез учраб туради. Гиёҳвандлик моддаси миқдори аввалгисидан ошириб юборилганда ҳушни йўқотиш, нафас ва юрак фаолияти тўхтаб қолиши мумкин- булар тиббий ёрдамни талаб этади. Гиёҳвандлик миқдорини ошириб юбориш ўлимга олиб келиши мумкин.

Талвасалар – гиёҳвандлик воситасини қабул қилмаган пайтда намоён бўладиган абстинент синдром кўринишларидан бири. Гиёҳвандлик воситасининг етарли миқдорини  қабул қилиш имкони бўлмаса аввалига гиёҳванднинг аҳволи ёмонлашади, кайфияти тушади, сўнг ошқозон, ичак, юрак тизимида турли оғриқлар кўринишида бузилишлар содир бўлади, ахлат ўзгаради, юрак тўхтаб-тўхтаб ишлайди.

Томирлар яллиғланиши – гиёҳвандлик воситасини юборишда  стерилланмаган шприц ва игналар фойдаланганда пайдо бўлади. Томирлар яллиғланиши ўз ўрнида оғир асорат – қон заҳарланишига олиб келади.

Парентерал гепатитлар – жигар яллиғланиш касалликлари- гиёҳвандлар орасида кенг тарқалган. Ушбу касаллик бир гиёҳванд ишлатган игнани бошқаси ишлатганида юқади.

ОИТС. «Ломка», яъни хуруж ва енгиб бўлмас иштиёқ пайтида инсоннинг фикри-зикри қандай бўлмасин, ҳар қандай шприц ва игнадан керакли миқдордаги гиёҳвандлик воситасини топишда бўлади. Битта игнадан бир вақтнинг ўзида бир неча кишишнинг фойдаланиши орқали – ОИТС, яъни одам иммун танқислиги инфекциясини орттириб олади.

Руҳий оқибатлар:

Ўрганиш – гиёҳванднинг алоҳида белгиси. Аста-секинлик билан гиёҳвандлик нафақат кайф қилиш учун, балки гиёҳванд ўзини қулай ҳис этиши учун зарур бўлади, руҳий қарамлик пайдо бўлади.

Қўрқувлар. Гиёҳванд қўрқув ҳис этиши учун бир қанча сабаблар мавжуд: қилмиши ошкор бўлиши, қамалиши, саломатлиги, қарзлари ва ҳоказолардан  қўрқиш. Қўрқувлар ва депрессия- бу даврда кўп такрорланадиган бузилишлар сабабчиси.

Ўз жонига қасд қилиш эҳтимоли юқорилиги. Қўрқувлар, депрессия ва «талвасалар» – бу гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари, инсоннинг руҳиятини ишдан чиқаради, уни оғир аҳволга олиб боради. Оғир ҳолатдан чиқиш йўлини кўролмаган гиёҳванд ўз жонига қасд қилишгача боради.

Ижтимоий оқибатлар:

Оиладаги жанжаллар, дўстларни йўқотиш: гиёҳвандлик воситаси истеъмол қиладиган одам ота-онаси ва яқинларидан буни яширишга мажбур бўлади, натижада улардан борган сайин узоқлаша бошлайди.

Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш тажрибаси ортгани сайин инсоннинг мулоқот доираси тораяди.

Криминогенлик (барча келиб чиқадиган оқибатлари билан бирга: жанжаллар, қўлга тушиш…). Гиёҳвандларда кримоногенлик бир қанча омиллар билан шартланади: гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш учун пулга бўлган эҳтиёж, гиёҳвандлик воситасини сотувчилар билан мажбурий алоқа, шахснинг хусусиятли аҳлоқий-этик ўзгариши. Бундан ташқари, гиёҳвандлар кайф ҳолати ва психотик вазиятда қонунга қарши ҳаракатлар содир этиши мумкин.

Гиёҳвандликка карши кураш Ўзбекистон

Ўзбекистонда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши кураш бўйича 4 йиллик миллий стратегия қабул қилинди. Бунда ички ишлар органларини наркотестерлар билан таъминлаш, жиноятларни аниқлашда дронлардан фойдаланиш, мутахассислар тайёрлаш ҳажмини 5 бараварга ошириш ва бошқалар мақсад қилинган.

2024 йил  6 май куни Президент «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакат генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Фармонга кўра, гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024 — 2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия қабул қилинди.

Ўзбекистонда ўтган 2023 йил давомида 9,2 тоннага яқин гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди. Бу 2022 йилдагидан 12 баробарга кўп. Уларнинг катта қисми — 8,5 тоннаси сентябрь ойида қандолат кўкнориси деб кўрсатилган рекорд партия бўлди.

Гиёҳванд моддаларни аниқлашнинг 12,3 баробарга ошишига 2023 йилнинг сентябрь ойида Тошкент халқаро аэропортида қандолат кўкнориси деб кўрсатилган 8,5 тонна кўкнори олиб ўтилаётгани аниқлангани сабаб бўлди. Қўмита бу Ўзбекистон божхона хизмати органларининг сўнгги 30 йиллик тарихида илк бор қайд этилганини маълум қилган.

Биргаликда курашсак…

Маълумотларга кўра, дунё мамлакатларида  гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш рейтингида Ўзбекистон 95- ўринни эгаллайди. Бу Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг яхши кўрсаткич. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш бўйича Қозоғистон етакчи ўринни эгаллаган- 8- ўрин. Қирғизистон эса 23- ўринда. Туркманистон 41, Тожикистон 76- ўринда.

2023 йилда Ўзбекистонда 6,2 минг киши гиёҳвандлик бўйича  судланган.

Гиёҳвандлик – офат. У фарзандларимиз, яқинларимизга дахл қилмаслиги учун ҳаммамиз биргаликда курашишимиз даркор. Озгина эътиборсизлик туфайли оилалар фарзандларидан ажралиб қолиши, жамият келажаги хавф остида қолиши мумкин. Шундай экан, бирга курашайлик!

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: