22:23 | 01.12.23

                       

«Глобал равишда кам углеродли иқтисодиётга ўтишда G7 ва G20 давлатларининг фикри инобатга олиниши шарт» — Мирзиёев

Давлат раҳбари БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида нутқ сўзлади.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (СОP28)да иштирок этди ва унда ўз нутқи билан чиқиш қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўз нутқининг бошида Президент Мирзиёев БААнинг президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ва унинг бутун халқини Миллий байрами билан қутлаган. Шавкат Мирзиёев минбардаги нутқида иқлим муаммолари барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланиб улгургани, бу хавф-хатарлар ҳатто дунё геосиёсий архитектурасига ҳам таъсир кўрсатаётгани, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари Орол фожиаси туфайли айниқса Марказий Осиёда жиддий сезилаётганини айтган.

Президентга кўра, тупроқ емирилиши 30 миллион аҳоли турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда. Кучли чанг ва қум бўронлари одатий ҳолга айланди. Ичимлик суви тақчиллиги, ҳаво ифлосланиши, биохилма-хиллик йўқолиши, қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги пасайиши каби муаммолар тобора авж олмоқда.

Мирзиёев ўз нутқини давом эттирар экан, «Яшил» иқтисодиётга ўтиш ва углерод нейтраллигига эришиш Янги Ўзбекистоннинг устувор стратегик вазифаси эканлиги, сўнгги йилларда Ўзбекистонда муқобил энергия улуши икки бараварга кўпайгани, 2030 йилга бориб мамлакатда 25 гигаватт қайта тикланувчи энергия қувватлари барпо этилишини сўзлаган. Шунингдек, у глобал равишда кам углеродли иқтисодиётга ўтишда G7 ва G20 давлатларининг фикри инобатга олиниши лозимлигини айтиб ўтган.

«Биз Париж шартномаси доирасида Иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасидаги Глобал ҳадли механизмни тезроқ келишиш тарафдоримиз. «Йўқотиш ва зарарлар» жамғармасини ташкил этиш бўйича қабул қилинган муҳим қарорни юксак баҳолаймиз. Глобал миқёсда кам углеродли иқтисодиётга ўтиш адолатли, шаффоф ва инклюзив бўлиши зарур ва бунда ривожланаётган давлатларнинг манфаатлари албатта инобатга олиниши шарт. Бу муаммони «Катта еттилик ва йигирмалик» форматларида доимий кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ. БМТнинг резолюцияси асосида Оролбўйи ҳудудини экологик офат зонасидан «инновациялар, технологиялар ва янги имкониятлар минтақаси»га айлантирмоқчимиз. Бу ерда Иқлим технологиялари халқаро экспо-хабини яратишда яқин ҳамкорликка таклиф этаман»,- деган Мирзиёев.

Президент шу мақсадда 2024 йилда Самарқанд халқаро иқлим форумини ўтказиш ва БМТнинг алоҳида резолюциясини қабул қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: