14:10 | 05.10.23

                       

Голливуд актёри Самарқандда шифохонага тушиб қолди

Икки карра «Оскар» лауреати Кевин Спейси юрак хуружига учрагани тахмин қилинган.

Жорий йилнинг 29 сентябр-2 октябр кунлари Ўзбекистонда «Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивали бўлиб ўтгани, унда 52 давлатдан 300 дан ортиқ меҳмон иштирок этгани ҳақида хабар берилганди.

Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлардан бири, «Оскар» мукофоти совриндори, 64 ёшли америкалик актёр Кевин Спейси Самарқанддаги фестивал давомида юрак хуружи эҳтимоли билан шифохонага ётқизилган. Бу хақда The Sun нашри хабар берди.

Унда айтилишича, актёр Самарқанд шаҳридаги «Афросиёб» музейини айланиб чиқаётиб, ўзини ёмон ҳис қилган ва унинг бутун чап қўли тахминан саккиз сония давомида қотиб қолган.

Шундан сўнг, Спейси бир қатор тестлардан ўтиш учун шаҳардаги «Иннова диагностика» клиникасига олиб борилиб, МРТ текширувидан ўтказилган.

Текширув жараёнларида шифокорлар актёрнинг юрак хуружига учраган бўлиши мумкинлигидан қўрқишган.

«Жаноб Спейси соғлиги билан боғлиқ муаммолар туфайли тиббий марказга олиб кетилди. У шифокорлар томонидан профессионал тарзда текширувдан ўтказилди ва юрагида ҳеч қандай муаммо йўқлиги аниқланди» деган шифокорлардан бири.

Supermen Returns юлдузи ўша куни кечаси фестивалда саҳнага чиқиб оломонга Спейсининг соғлиғи нормал эканини айтган.

Кевин Спейси 2 октябр куни бўлиб ўтган фестивалнинг ёпилиш маросимида нутқ сўзлаган ва Ўзбекистонда кутилмаган воқеани бошдан кечирганини таъкидлаган.

«Бу ҳолат мени ҳақиқатан ҳам бир лаҳзага вақт ажратишга ва ҳаётнинг барчамиз учун қанчалик нозик эканлиги ҳақида ўйлашга мажбур қилди. Мен музейдаги ғайриоддий деворий расмларга қараб турардим ва бирдан чап қўлим тахминан саккиз сония давомида ишламай қолганини ҳис қилдим. Мен қўлимни бир неча бор силкитдим, бироқ иш бермади ва дарҳол ёнимда бўлган одамларга айтдим. Шундан кейин биз тиббий марказга бордик. Тушдан кейин у ерда турли хил тестларни ўтказдим. Ходимлар менга ғамхўрлик қилишди ва ҳатто МРТ текширувидан ўтказишди. Ҳаммаси бутунлай нормал бўлиб чиқди ва жиддий муаммо эмаслигидан миннатдорман» деган актёр.

Маълумот учун, Кевин Спейси «Оддий гумонланувчилар» ва «Америка гўзаллиги» филмларидаги роллари учун 1996 ва 2000 йилларда «Оскар» мукофотини қўлга киритган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: