17:25 | 20.05.24

                       

Ҳафтанинг энг муҳим геосиёсий янгиликлари шарҳи

Америка ультиматуми, БМТнинг қарзи, Тайван тан олинмайдими? Жаҳон хабарлари дайжести.

Евроиттифоқ Тайванни тан олмайди

ЕИ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Тайван билан иқтисодий ва маданий алоқаларни ривожлантириш мақсадида, аммо оролни давлат сифатида тан олмоқчи эмас.

«Биз Тайванни давлат деб тан олмаймиз ва тан олмоқчи эмасмиз. Фақат ягона Хитой мавжуд… Бу ҳудуд билан унинг давлатчилигини тан олмасдан иқтисодий ва маданий муносабатларни ривожлантирамиз», деган Боррел Foreign Policy Америка журналига.

Бундан ташқари Боррел Тайвандаги таранг ҳолатни юмшатиш заруратини таъкидлаган ва дунё ҳамжамиятини ҳарбий йўл билан вазиятни ечиш мумкин эмаслигини тушунишга чақирган.

Тайван 1949 йилдан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Чан Кай-Ши бошчилигидаги қўшинларининг қолган қисми Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учраганидан кейин у ерга қочиб кетган. Пекин Тайванни ХХРнинг ажралмас қисми деб билади. Аммо Тайванда Хитойдан алоҳида бўлишни истовчилар кўпайиб бормоқда.

Сербия президенти Ғарбнинг босимига жавоб берди

Сербия президенти Александр Вучич Совет иттифоқи маршали Жуковдан иқтибос келтирди.

«Мен сиёсий тақдиримга кўнганман. Маршал Жуков айтганидай, Европадаги айримлар уларни озод қилганимиз учун бизни кечиришмайди. Мен маршал Жуков эмас, кичик одамман, кичкина, аммо эрксевар мамлакатнинг сайланган президентиман», деган Сербия президенти.

1995 йилда серб қуролли кучлари босниялик 8 мингдан зиёд тинч мусулмон аҳолини қирғин қилган, кейинчалик Сербия раҳбарияти қирғинни қоралаган ва ўлдирилганларнинг оиласидан расман узр сўраган. Шунга қарамасдан ҳалигача Сербия қирғинни геноцид сифатида тан олгани йўқ, чунки тан олса унга даъво қўзғатилиши мумкин.

АҚШ Хитойга Россия ва Ғарбдан бирини танлашни таклиф қилди

Хитой Ғарб билан алоқаларни ривожлантириш асносида Россияни қўллаши мумкин эмаслигини Newsweek нашри ёзиб чиқди. АҚШ давлат департаменти вакилининг айтишича «Агар Хитой Европа ва бошқа мамлакатлар билан яхши муносабат олиб бормоқчи бўлса Европа хавфсизлигига энг катта таҳдид солишда давом этиши мумкин эмас». Нашрда номи келтирилмаган вакил бу позиция фақат Вашингтонники эмас, Евроиттифоқ ва “Катта саккизлик”ники ҳам эканлигини урғулаган.

Европа хавфсизлигига таҳдид деб Россия Федерацияси назарда тутилганлигини ва икки йиллик уруш давомида Россия билан алоқани яхши сақлаб келган Хитой огоҳлантирилаётганини пайқаш қийин эмас.

Ғарб Зеленскийни музокарага кўндирмоқчи

Europe 1 радиостанцияси 17 май куни хабар қилишича, «Владимир Зеленскийни музокара тамойилларини қабул қилишга кўндириш учун Ғарб ҳукуматлари мувофиқлаштирилган дипломатик ҳаракатларга тайёргарлик кўрмоқда».

Шу материалда радиостанция Украина армиясидаги аҳволга ҳам баҳо берган. Унга кўра, барча бригадаларда 40 фоиз шахсий таркиб етишмайди.

Кобул Москва билан нефт транзитини муҳокама қилмоқда

Афғонистон Ҳирот вилоятида логистик марказ ташкил қилмоқчи. Бу марказ Россия нефтини Жанубий Осиёга экспорт қилишда ҳам кўмакчи бўлишидан умид бор. Куни кеча Афғонистон Саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий «Россия – Ислом дунёси» форуми доирасида шу ҳақида гапирди.

«Биз Россия нефтининг бир қисми Афғонистон ҳудуди орқали ўтиши юзасидан музокаралар бошлашни хоҳлаймиз, бу йўл яқинроқ», деб айтган Азизий. Унинг сўзларига кўра, Кобул бу логистик марказни қуриш дастурини Туркманистон ва Қозоғистон билан аввалроқ ишлаб чиққан. Унда Афғонистоннинг хусусий сектори иштирок этади.

БМТ молиявий қийинчиликка учради

Бирлашган Миллатлар ташкилотида жиддий молиявий қийинчилик сезилаётгани туфайли тежамкорлик чораларини кўрмоқда, деб ёзди Bloomberg агентлиги.

БМТнинг штаб-квартирасида кондиционерлар ўчириб қўйиляпти, эшиклар эса барвақт ёпилмоқда. Бундан ташқари операторлар ва таржимонларга иш вақтидан ташқари ишлаш тақиқланди, янги ходимлар қабул қилишга вақтинча мораторий қўйилди.

Тақчиллик сабаби аъзолик бадалини тўлашдаги тутилишлардир. Ҳозир 1,7 млрд доллардан кўпроқ қарздорлик йиғилиб қолган.

Шимолий Корея Россияга қурол-яроғ экспорт қилгани йўқ

Сарлавҳадаги гапни Шимолий Корея етакчисининг синглиси айтди. Сўнгги пайтда Россия Шимолий Кореядан қурол олаётгани ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлганди, аммо корейслар буни асоссиз гап деб атади.

Ким Ё Чжоннинг баёноти Корея Марказий телеграф агентлиги сайтида эълон қилинган.

«Биз бир неча марта таъкидлаганимиздек, КХДР ва Россия ўртасидага қурол-яроғ битими алдамчи тасаввурлар ва тўқималар сабаб юзага келган бўлиб, беҳуда парадоксдир, у бирор-бир шарҳ ва изоҳга арзимайди», деган сиёсатчи аёл. Унинг айтишича, бунақа гап-сўзларни душман томонлар ўз манфаати йўлида фойдаланиш учун тарқатмоқда.

АҚШ Исроилга қурол юбориш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тасдиқлади

16 май куни АҚШ конгресси вакиллар палатаси Исроилга қурол юбориш бўйича паузани бекор қилди. Бу ҳақда Courthouse News Service янгиликлар хизмати ёзмоқда.

Исроил хавфсизлигини таъминлаш учун конгресс қуйи палатасидан 224 нафар депутат овоз берган, 187 нафар депутат эса қарши овоз берган. Агар республикачилар тайёрлаган ҳужжат сенатда қабул қилинса, Оқ уй Тел-Авивга ҳарбий ёрдам бериши лозим бўлади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: