18:00 | 27.05.24

                       

Ҳафтанинг муҳим геосиёсий янгиликлари шарҳи

Раисийнинг ўлими, Фаластиннинг тан олиниши, Қирғизистондаги тартибсизликлар ва БРИКСдан умидвор Венесуэла. Ҳафтанинг муҳим геосиёсий янгиликлари шарҳи.

Ҳафта нохуш янгилик билан бошланди. Эрон президенти Иброҳим Раисий Озарбайжондан қайтаётганида вертолёти ҳалокатга учради. Мамлакат раҳбари билан бирга ҳукуматнинг қатор мансабдорлари ҳам ҳалок бўлди. Икки мамлакат ўртасидаги тоғлар, ўрмон ва ўша кунги қалин туман қутқарувчилар ишини чигаллаштирди. Бутун дунё Эрон президенти ҳалокатини диққат билан кузатди, кўплаб қўшни давлатлар Эронга ёрдам кўрсатишга ошиқди, бу давлатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Йирик мамлакат президентининг кутилмаган ҳалокати кўплаб шубҳаларга сабаб бўлди. Жумладан, суиқасд уюштирилганлиги ва ҳалокатдан қайси томон манфаатдорлиги борасида баҳслар қизиди. Аммо вертолёт ҳалокати тафсилотлари тўлиқ ошкор бўлмагунча бу фаразлар ҳали тахминлигича қолади. Қолаверса, салкам ярим асрдан бери санкциялар шароитида яшаб келаётган Эрон давлатида авиациянинг аҳволи ночорлиги кўпчиликка аён бўлиб, ҳаво ҳалокатлари бўйича Ислом республикаси етакчилардан бири эканлиги сир эмас.

Хўш, Эронда энди нима бўлади? Геосиёсий жиҳатдан кўп нарса нарса ўзгармайди. Сайловга қадар президент вазифасини Эрон вице-президенти Муҳаммад Мухбир бажариб туради. Сайловдан кейин ҳам Эрон сиёсати векторида катта ўзгариш бўлиши қийин масала

Венесуэла БРИКСга аъзо бўлмоқчи

АҚШ томонидан кўплаб санкцияларга гирифтор этилган Венесуэла давлати БРИКС ташкилотига қўшилмоқчи. Николас Мадуро «Венесуэла янги дунё давлатларига қўшилиш йўлида турибди», деб баёнот берди. Мадуронинг яна айтишича, «БРИКС янги дунё бўлиб, унда гегемония ва янги ҳукумат блоки йўқ, бу ҳақда Уго Чавес орзу қилган эди».

Лотин Америкасининг нефтга бой давлати Венесуэла кўплаб йиллардирки, АҚШ томонидан ёқтирилмаган давлат ҳисобланиб, санкциялар остида ночор ва нотинч яшаб келмоқда. Шу боис бой ресурсларига қарамай фаровон яшаш венесуэлаликларга орзулигича қолмоқда. Мамлакат раҳбари эса Россия, Хитой каби Ғарбга қарши позициядаги давлатлар билан алоқаларни ривожлантиришга интилиб келяпти.

АҚШ Украина қурол етказиб беришда давом этади

Украинага Америка қуроллари «оқиб келади». АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Украина Қуролли кучларига Америка қуроллари барқарор оқим билан етказиб берилишини айтди.

«Биз Украинага ёрдам кўрсатишда давом этмоқчимиз. АҚШ аввалгидек ўз ҳиссасини қўшиш ниятида қатъийдир. Қўшимча маблағ ажратилиши туфайли биз Украинага йирик ёрдам пакетлари юборишда давом этамиз. Ҳафталар ўтгани сари Украинага Американинг барқарор ёрдами оқимини кўрасиз», деб айтган Ллойд Остин.

Украинага юбориладиган ёрдам юклари орасида NASAMS ва Patriot, HIMARS ва Stinger зенит ракеталари учун қўшимча ўқ-дорилар мавжудди

Қирғизистонда 30 нафар талаба жароҳат олди

Қўшни Қирғизистон фуқаролари яна бир бор қизиққонлигини кўрсатиб қўйди. 17 май куни кечқурун юзлаб қирғизистонликлар хорижлик талабалар истиқомат қиладиган ётоқхоналарга ҳужум қилиши натижасида 30 нафардан ортиқ чет эллик талаба жароҳат олди. Бу ҳафта эса покистонлик 300 нафардан ортиқ талаба юртига қайта бошлади.

Матбуот конференциясида Покистон Ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дар Қирғизистон ҳукумати вазиятни қўлга олганини айтиб ўтди. Унинг айтишича, беш-олти нафар покистонлик талаба жароҳат олган, аммо ўлим бўлмаган. Шунга қарамай, вазир Қирғизистонда таълим олаётган покистонлик 11 минг нафардан ортиқ талаба хавф остидалигини тан олди ва қайтмоқчи бўлганларни олиб келиш учун рейслар ташкил этилишини айтди. Унинг айтишича, қайтиш харажатини ҳукумат зиммасига олади. Аммо Бишкекдаги покистонлик талабалар қайтиш учун ўз чўнтагидан билет сотиб олишганини ҳам яширишгани йўқ

Хитой АҚШни бир тарафлама санкциялар чиқармасликка чақирди

ХХР давлат мулозими Гэн Шуан АҚШни Пекин ва Москванинг ишларига аралашмасликка чақирди. «Хитойнинг барча мамлакатлар билан, жумладан, Россия билан ҳам нормал иқтисодий ва савдо ҳамкорлиги юритиш учун ҳаққи бор. Ва бундай ҳамкорликка аралашиш керак эмас, чоҳ қазишга ҳожат йўқ», деб айтган Гэн Шуан БМТ минбарида. Шунингдек, у АҚШни Хитойга ташланмасликка, номини булғамасликка, бир тарафлама санкцияларни бас қилишга ва Хитой ташкилотларини асоссиз сиқиштирмасликка чақирган.

Бир қатор давлатларлар Фаластинни тан олди

Уруш давом этаётган Фаластин давлатини бу ҳафта Европанинг уч давлати тан олди. Фаластин давлати тан олиниши ҳақида Норвегия бош вазири Йонас Гар Стере маълум қилди. Қарор 28 май куни кучга киради. Норвегия Евроиттифоқнинг Фаластин давлатини тан олган ўнинчи мамлакатига айланди. Бундан ташқари Ирландия ҳам Фаластин давлати тан олинишини эълон қилди. Исроил Фаластин мустақиллигини тан олиш режалари туфайли Норвегия ва Ирландиядан элчиларини чақириб олди. Кўп ўтмай, Испания ҳам Фаластин давлатини тан олишини эълон қилди.

Бу янгилик қатор давлатлар томонидан хушхабар сифатида қабул қилинди, хусусан, Саудия Арабистони бу қарорни олқишлади.

Исроил эса ўз қаҳрини яширмади ва Нетаняҳу Фаластиннинг тан олинишига «бу террорчиликни мукофотлаш», деб муносабат билдирди.

Фаластин давлатини БМТга аъзо 193 мамлакатдан 143 таси расман тан олади, улар орасида Россия ва Хитой ҳам бор. Фаластин давлатчилигини АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия ва Исроил каби мамлакатлар тан олмайди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: