22:33 | 02.06.24

                       

Ҳафтанинг муҳим геосиёсий янгиликлари шарҳи

Байденнинг режаси, Россиянинг Ўзбекистондаги АЭСи, Шимолий Кореянинг ахлатлари, Зеленскийнинг муддати тугадими?

Исроил ва ҲАМАС келишадими?

Ўтган йилнинг 7 октябрида ҲАМАС ҳаракати Исроилга бостириб киришидан бошланган ва Исроил томонидан Фаластинни қирғин қилишга уланиб кетган можаронинг охири кўрингани йўқ. Дунё мамлакатлари ўз манфаатларидан келиб чиқиб муносабат кўрсатмоқда, омма эса бегуноҳ фуқаролар нобуд бўлишига йўл қўяётган сиёсатдонларни қоралаш билан банд. Нафақат мусулмон давлатлари, балки қатор Ғарб давлатларида ҳам ёшлар мазлум Фаластинни қўллаб намойишлар ўтказмоқда. АҚШ раҳбари Жо Байден бу ҳафта ҲАМАС ва Исроилга сулҳ таклиф қилди. Унда олти ҳафта ўт очишни тўхтатиш, қўшинларни Ғазонинг туманларидан олиб чиқиш, кейинги босқичда эса ўт очишни буткул тўхтатиш ва Ғазони тиклашни бошлаш кўзда тутилади.

Урушаётган томонлар ўртасида воситачиликка уриниб келаётган Қатар ва Миср давлатлари Исроил ва ҲАМАСдан Байденнинг режасини қабул қилишни сўради. Аммо Исроил етакчиси Нетаняҳу ҲАМАС йўқ қилинмагунча ўт очиш тўхтатилмаслигини айтиб жавоб берди. ҲАМАС вакиллари эса тўлиқ ўт очишни тўхтатишга асосланган «ҳар қандай таклифни ижобий ва конструктив кўриб чиқишга» тайёрлигини маълум қилди.

АҚШ ва Британиянинг Яманга зарбаси

Яман завлати ҳудудидаги ҳусийлар ҲАМАСни қўллашини билдириб, Исроилга алоқадор объектларга зарба бериб келмоқда. Гарчи ҳусийларнинг зарбалари қарши тарафга унчалик катта талофат келтирмаётган бўлса-да, юк кемаларига ҳужумидан йирик давлатлар безор бўлаётгани шубҳасиз. 31 май куни АҚШ ва Буюк Британия денгиз кучлари Яман ғарбига ҳужум уюштирди. Бунинг учун Қизил денгизга «Эйзенҳауэр» авиабардори олиб кирилган ва Яман ғарбидаги ҳарбий нуқталарга қарата ҳаво ҳужумлари уюштирилган. Ҳаво ҳужумлари натижасида 16 киши ҳалок бўлгани ва 41 киши жароҳат олгани айтилмоқда.

Энди Украина Россияга бостириб кирадими?

Бу ҳафта АҚШ, Буюк Британия, Германия ва бошқа қатор давлатлар Украинага ўзлари юборган қуроллар билан Россия ҳудудига ҳужум қилишга рухсат берди. Немис ҳукумати «Украина халқаро ҳуқуқларга мос равишда ҳужумлардан ҳимояланишга ҳақли» эканлигини таъкидлаб ўтди. Эммануэл Макрон 28 май куни ўтказилган анжуманда «Украина бўйлаб зарба берилаётган ҳарбий объектларни нейтраллаштиришга имкон берилиши керак», деб айтган. Умуман олганда, Ғарб етакчилари «чекланган зарба»ларни «ҳимоя актлари» деб атамоқда.

Бу сўзда «ҳарбий операция», аммо амалдаги ҳақиқий уруш жараёнини янада мураккаблаштиради. Ҳозиргача Россия ҳудудига дронлар зарба бериб келганди, энди вайронкорлик кучи катта бўлган ракеталар ишга тушиши мумкин. Украина томонда юзлаб километрга парвоз қиладиган Британия, Германия ва Франциянинг ракеталари бор. Ҳозирча урушда ташаббус Россия томондадир.

Зеленскийнинг муддати тугадими?

2019 йилда Украина президенти беш йиллик муддатга сайланганди. 20 май куни Зеленский ҳокимиятга келганига беш йил тўлди. Расмий равишда Зеленскийнинг президентлик муддати, ҳақиқатан, тугади. Конституцияга кўра президент ваколати беш йил билан чекланади. Шу билан бир вақтда, Украина конституциясининг 108-моддасида президент давлатнинг янги раҳбари сайлангунига қадар ўз мажбуриятларини бажариши шартлиги кўрсатилган. Кенг кўламли урушга қадар навбатдаги сайловлар 2024 йил 31 мартида ўтказилиши белгиланганди, аммо ҳозирга келиб сайлов ҳарбий ҳолат туфайли (унинг амал қилиш муддати камида 2024 йил 11 августига қадар) қолдирилган. Зеленский яна ўз номзодини қўйиш режасини билдирган. Аммо мамлакат уруш ҳолатида бўлганлиги сабабли «ҳозир сайлов вақти эмас».

Украиналиклар орасида сўровнома ўтказилганда аҳолининг катта қисми уруш пайтида сайлов ўтказилишига салбий муносабатда бўлган. Ҳатто, мухолиф партиялар ҳам «ракеталар ва бомбалар остида сайлов ўтказилишини» истамайди.

Зеленскийнинг муддати тугаб, у нолегитим президентга айланганини Россия пропагандачилари тез-тез эслатиб турибди.

Дарвоқе, сайловлар ўтказилгудек бўлса, Украина собиқ бош қўмондони Валерий Залужний Зеленскийга рақиб бўлиши ва ғолиб чиқиши ҳам мумкин. У ҳозир Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси.

Шимолий Корея қўшни давлатга ахлат учирмоқда

Ядро билан шантаж қилишни ҳунарга айлантирган Шимолий Корея давлати бу ҳафта ёш болаларникидек қилиқ чиқариб, Жанубий Корея ҳудудига чиқинди билан тўлдирилган ҳаво шарларини учирмоқда. Бир ҳафтада икки марта бунақаси содир бўлди. Ҳарбий маълумотларга кўра, маҳаллий вақт билан тахминан 20:45 атрофида ўнга яқин шар чегара чизиғини кесиб ўтган, шундан сўнг уларнинг аксарияти Сеулни ўраб турган Кёнги провинциясига учиб кетган. Бирлашган штаб бошлиқлари фуқароларга қулаган шарларга яқинлашмасликни ва бу ҳақда расмийларга хабар беришни тавсия қилган. Жанубий Кореялик фаоллар эса КХДРга ҳукуматга қарши варақалар юбориш билан жавоб берган.

Ахлатли шарларини учиргач, Шимолий Корея етакчисининг синглиси Ким Ё Чен бу ишларини «сўз эркинлиги» кўринишига, Жанубий Корея варақалари мазмунини эса «сиёсий ахлат»га қиёслаган.

Арманистон собиқ ўтмишдошларидан янада узоқлашмоқда

Яқин-яқингача Россиянинг Кавказдаги энг қалин иттифоқчиси деб кўрилувчи Арманистон энди ундан узоқлашишда давом этмоқда. Алмати шаҳрида ўтказиладиган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг йиғилишида Арманистон қатнашмайдиган бўлди. Йиғилиш Қозоғистон раислигида бўлиб ўтади. Унда КХШТ аъзоларининг мудофаа вазирлари иштирок этиб, минтақадаги хавфсизлик масалаларини муҳокама қилади.

Бугун Кавказдаги давлатларнинг ташқи сиёсати вектори ўзгаришини кўриб турибмиз. Тўрт йил олдин Озарбайжондан аянчли мағлубиятга учраган Арманистон Россиядан ҳафсаласи пир бўлиб, Францияга суянишга ҳаракат қилмоқда. Озарбайжон ҳам қараб тургани йўқ. Ўтган йилдан бери Франциянинг океандаги ҳудуди саналган оролларни қитиқлаб, мустақиллик сари ҳаракатини қўлламоқда.

Россия Ўзбекистонда АЭС қурмоқчи

Гарчи иқтисодий мавзудек кўринса-да, атом электр станцияси қурилиши масаласи катта геосиёсий аҳамият касб этиши ҳеч кимга сир эмас. Россиянинг сайланган президенти Владимир Путин хорижга иккинчи сафарини айнан Ўзбекистонга уюштирди. Ўзбекистон раҳбарияти Россия етакчисини илиқ кутиб олди, қатор мавзуларда фикр алмашилди. Келишувларда Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияси қурилиши бўйича шартнома тузилди. Унга асосан, Жиззах вилоятида Россия лойиҳаси асосида 330 МВт қувватга эга (ҳар бири 55 МВт қувватли 6 та реактордан иборат) АЭС қурилади. Россия президенти келганидан кейин бу ҳақда «Ўзатом» маълум қилди.

«Росатом» директори Алексей Лихачев раҳбарлигидаги корпорация кам қувватли АЭС лойиҳасини қуриш бўйича экспорт шартномасини тузган жаҳондаги биринчи компания бўлган. Расман айтилишича, АЭС учун танланган майдонда текширув ишлари ўтказиб бўлинган, жойнинг мақсадга мувофиқлиги ва хавфсизлиги тасдиқланган, бу эса лойиҳани амалга ошириш вақтини сезиларли қисқартиради.

Бундан ташқари, Айдаркўл ва Қаратерен кўлларида «Русгидро» томонидан умумий қуввати 1 ГВт бўлган 2 та йирик гидроаккумулятор электр станция қурилиши мумкин.

Ўзбек блогосфераси Россия АЭС қуриши борасида иккига бўлинди. АЭСни ёқловчилар  арзон, экологик энергия мамлакат бўйлаб электр узилишларига барҳам беришига умид боғлаётган бўлса, қаршилар Россия атом станциясини геосиёсий мақсадларда шантаж учун ишлатишидан хавотирдадир.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: