17:36 | 16.11.23

                       

Ҳакерлар блогер Диёрбек Ҳалиловнинг банк карталаридаги пулни ўғирлади

Bugun.uz стример билан суҳбатлашганда, тунда унинг карталаридан 21,5 млн сўм ечиб олинганини маълум қилган.

Ўзбекистонлик машҳур стример Диёрбек Халиловнинг банк карталаридан тунда пуллар ечиб олинган.

Bugun.uz блогер билан суҳбатлашганда, у эрталаб уйғонгунига қадар картасидаги пуллар ўғирланганини пайқамаган.

Маълум бўлишича, Диёрбек ухлаб ётганда унинг телефонига тасдиқлаш кодлари билан СМС-хабарлар келган.

Шунингдек, блогер Unired иловасига кирганида, у ерда бегона одамнинг маълумотлари киритилганини кўрган. Хакерлар унинг шахсий маълумотларини ўзгартириб, карталаридаги пулларни ечиб олган.

«Менинг Humo картамдан хакерлар 18 миллион 700 минг сўм ва Халқ банки картасидан 2 миллион 800 минг сўм пулни олиб, чой учун атига 100 минг сўм қолдиришган»,– деган стример.

Дастлаб, Диёрбек унинг ҳисоби бузиб кирилганига ишонмаган ва бундай вазият бўлишини кутмаган. Сўнг у милицияга ариза билан мурожаат қилган.

Фото: Bugun.uz

Диёрбекнинг сўзларига кўра, унинг шахсий маълумотлари ўрнига иловада унга нотаниш бўлган 20 ёшли Аслиддин Ибодуллаевнинг маълумоти киритилган.

Халиловнинг фикрича, фирибгарлар Ўзбекистон аҳолисининг ҳисоб рақамларига Unired тизими орқали кира олишади, чунки пул унинг турли хил банк карталаридан ўғирланган.

Маълумот учун, Диёрбек Халилов PUBG стримери бўлиб, унинг инстаграм обуначиларининг сони 260 мингта.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: