21:51 | 13.02.24

                       

Ҳавонинг ифлосланишида мазутнинг «айби» йўқ — Энергетика вазирлиги

Энергетика вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Тошкент иссиқлик электр станциясида мазутдан фойдаланилгани ҳақидаги хабари юзасидан муносабат билдирди. ИЭСда мазут меъёрий талаблар асосида ёқилаётгани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг «Тошкент иссиқлик электр станциясида мазутдан фойдаланилаётгани аниқланди» сарлавҳали мақоласи эълон қилинганди.

Энергетика вазирлиги маълум қилишича, Тошкент вилояти ҳамда пойтахт ҳудудида «Иссиқлик электр станциялари» АЖга қарашли 11 та иссиқлик электр станцияси ва иссиқлик марказлари мавжуд бўлиб, шундан 6 тасида (Тошкент вилоятида жойлашган «Тошкент ИЭС», Тошкент шаҳрида жойлашган 3–5, 9–10 иссиқлик марказлари) чиндан ҳам куннинг тиғиз вақтларида, табиий газ таъминотида босим пасайган пайтда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини электр ҳамда иссиқлик энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида захира ёқилғиси сифатида мазутдан фойдаланилади.

Мазут ёқилғисининг ишлатилиши жараёни эса қонунчиликда белгиланган тарзда барча масъул идоралар, хусусан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳам келишилган тартибда йўлга қўйилган. Станцияда мазут ёқилиши натижасида атмосферага зарарли моддаларнинг чиқишини камайтириш мақсадида белгиланган техник параметрларга мос келувчи фильтрлар ўрнатилган. Келгусида барча иссиқлик электр станцияларига ёқилғидан чиқаётган зарарли моддаларни 95 фоизгача камайтириб берадиган қўшимча фильтрларни ўрнатиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан тасдиқланган меъёрий ҳужжатда станцияда мазут ёқилиши технологияси ҳамда ундан чиқадиган зарарли моддалар ҳисоб-китоблари келтирилган. Ушбу ҳужжат талабларига кўра, корхонада ҳавога ташланаётган моддалар белгиланган меъёр талабларидан ҳеч қачон ошмаган.

Хусусан, «Тошкент иссиқлик электр станциясида мазутдан фойдаланилаётгани аниқланди» сарлавҳали мақола эълон қилинган 2 февраль куни юқоридаги корхоналарда захира ёқилғисининг максимал сарфи суткасига 5 минг 17 тоннани ташкил этган бўлиб, ўша куни атмосфера ҳавосидаги PM-2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 35,1мкг/м3ни ташкил қилган. Бу эса ЖССТ тавсияларидан 7 баробар юқори эди.

Бугун соат 16:00 га қадар юқорида қайд этилган корхоналар томонидан 600 тонна мазут ёқилган. Аммо шунга қарамай бугун соат 14:10 ҳолатига кўра, пойтахт ҳавосидаги PM-2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 162 мкг/м3ни ташкил этган. Бу «ўта зарарли» ҳисобланади ва ЖССТ тавсияларидан 32,4 марта кўпроқ.

Ушбу миқдор Тошкент жаҳондаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рўйхатида 3-ўринга чиқишини таъминлаб берди. Бу эса пойтахт ҳавосининг ифлосланишида мазутнинг заррача ҳам ҳиссаси йўқлигини, иссиқлик электр станцияларида ушбу ёқилғи Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан келишилган меъёрий талаблар асосида ёқилаётганини яна бир карра исботлайди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: