19:41 | 02.02.24

                       

Тошкент ИЭС мазутдан фойдалангани сабабли 1 млрд сўмдан кўпроқ компенсация тўлайди

ИЭСга аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан 16 банддан иборат мажбурий кўрсатмалар берилди.

23–31 январь кунлари Экология вазирлиги томонидан Тошкент вилояти Қибрай тумани Салар шаҳарчасида жойлашган «Тошкент ИЭС» (иссиқлик электр станцияси) фаолияти текширилди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизмати

Текширув давомида корхонада газ асосий ёқилғи ҳисоблангани, шунингдек, қўшимча ёқилғи сифатда мазутдан фойдаланилаётгани аниқланди. Шу сабабли Тошкент шаҳри ҳавосини тутун қоплаган.

Текширув натижаларига кўра иссиқлик электр станциясига атроф-муҳитни ифлослантиргани учун 1 млрд 23 млн сўм (атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун 759 млн, нефть маҳсулотлари билан ерни ифлослантирганлик учун 264 млн) миқдорида компенсация белгиланди.

Бундан ташқари, ИЭСга аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан 16 банддан иборат мажбурий кўрсатмалар берилди. Айни дамда тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқбузарликка йўл қўйган ИЭС мансабдор шахсларига тегишли чора кўриш мақсадида суд органларига юборилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида навбатдаги парламент эшитуви бўлиб ўтганди. Унда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг сабаблари, кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ахборот берган.

Азиз Абдуҳакимов Тошкент шаҳри атмосфераси ифлосланишига сабаб бўлаётган ҳолатларни келтириб ўтган. Хусусан, антропоген омиллар — шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан қурилишларнинг жадал амалга оширилаётгани, қурилишлар сабабли мораторий эълон қилинганига қарамасдан дарахтларнинг кесилиши, «Евро 4» экологик стандарти талабларига жавоб бермайдиган ёқилғидан фойдаланаётган машиналарнинг меъёридан ортиқ зарарли ташламалар чиқараётганлиги атмосферанинг ифлосланишига сабаб бўлаётгани қайд этилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: