22:43 | 14.02.24
Ўзбекистонда сўнгги бир неча йил ичида стационар манбалардан атмосферага зарарли моддалар чиқарилиши барқарор даражада сақланиб қолмоқда, бироқ кўчма манбалардан ифлосланиш, хусусан, заррачалар ва азот оксиди чиқиндилари ортиб бормоқда. Ҳавонинг ифлосланишига табиий омиллар таъсир қилади.
13 февраль куни Самарқандда бўлиб ўтган Бонн конвенцияси иштирокчилари конференциясининг (CОP-14) 14-йиғилишида Ўзбекистоннинг Атроф-муҳит ҳолати тўғрисидаги миллий ҳисоботида энг кўп ифлосланган тўртта ҳудуд номи эълон қилинди. Бу ҳақда Bugun.uz мухбири хабар бермоқда.
«Энг юқори эмиссиялар тоғ-кон ва қайта ишлаш корхоналари, электр станциялари, нефть-кимё заводлари жойлашган Тошкент, Қашқадарё, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида кузатилмоқда. Стационар манбалардан чиқадиган чиқиндилар йилига 874 минг тоннани ташкил этади», — дейилади ҳисоботда.
Ўзбекистонда сўнгги бир неча йил ичида стационар манбалардан атмосферага зарарли моддалар чиқарилиши барқарор даражада сақланиб қолмоқда, бироқ кўчма манбалардан ифлосланиш, хусусан, заррачалар ва азот оксиди чиқиндилари ортиб бормоқда. Ҳавонинг ифлосланишига табиий омиллар таъсир қилади: сокинлик, ҳароратнинг ўзгариши, чанг бўронлари.
Ўзбекистонда йилига 1,3 миллион тонна зарарли моддалар чиқарадиган 4 миллион автомобиль бор, энг кўп Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида. Автомобиллар сони ортиб бормоқда.
Атмосфера ҳавоси сифати мониторинги Ўзбекистоннинг 26 шаҳридаги 66 та постда амалга оширилмоқда. Мамлакатдаги 800 дан ортиқ корхонада ифлослантирувчи моддалар чиқиндилари устидан давлат назорати амалга оширилмоқда. Ҳавонинг ифлосланишини баҳолаш учун ҳаво ифлосланиши индекси (API) қўлланилади.
Атмосфера ҳавосининг ифлосланишини камайтириш мақсадида корхоналар ва транспорт воситалари зарарли моддаларни ушлайдиган қурилмалар билан жиҳозланган, шаҳарлардаги яшил ҳудудлар кенгаймоқда. Ўзбекистонда транспортнинг катта қисми атмосферага ҳавога чиқарилиши паст бўлган табиий газда ишлайди. Электр транспорт воситаларини импорт қилиш ва улардан фойдаланиш ортиб бормоқда.
Ўзбекистон Президенти қарори ижроси доирасида 2030 йилгача Тошкент шаҳрида боғлар, хиёбонлар ва яшил ҳудудлар майдони ва узунлиги кенгайтирилади. Жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси икки баробарга, электроавтобуслар улуши эса 50 фоизга етади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: