18:13 | 16.05.24

                       

Ҳимоя ордери ҳимоя қила оладими?

Ҳимоя ордери ҳимоя қила оладими? Оилавий зўравонликни келтириб чиқараётган сабаблар ва унинг оқибатлари.

«Жиззахда  25 ёшли аёлни эри уриб, ўлдириб қўйди. Унинг боши ёрилган, юзи йиртилган, жағи синган… »

«Тошкент вилоятида 29 ёшли аёл бешинчи қаватдан тушиб кетди. Айтилишича, ўзаро жанжал пайтида эри уни юқори қаватдан итариб юборган бўлиши мумкин. Аёлга ҳимоя ордери берилган бўлган…»

«Самарқандда аёл ўзи ва фарзандларини сувга отди. Улар ҳалок бўлган…»

Кунда-кунора юқоридаги каби фожиали маълумотлардан матбуот, телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали хабар топяпмиз. Маълумотлар оқими бизни ҳар томондан қуршаб олган бир замонда ушбу хабарлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги табиий. Айниқса, қиз ўстираётган ота-оналар юрагига хавотир оралаши турган гап.

Наҳотки менинг қизим ҳам шундай фожиага дуч келиши мумкин?!

Азалдан ўзбек хонадонларида қиз бола гулга қиёсланади. Ота-онанинг ўзгача меҳри-муҳаббати, туҳфалари ҳам қизларга аталади. Ўзи туғилиб ўсган хонадонда эъзозу иззатда бўлган қиз вояга етгач турмушга узатилади ва… Баъзи қизларнинг ҳаёти шартли равишда «Турмуш қургунча ва турмуш қургандан сўнг» дея  номланган босқичга бўлинади. Бахт орзулаб келган баъзи қизлар  янги хонадонда камситишлар, руҳий босимлар ва ҳатто, жисмоний куч остида қолишади. Аммо ҳар доим ҳам оиладаги зулм ҳақида  яқинлари,  ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берилмайди.

Фожиалиси –  ҳеч кимдан на руҳан, на қонунан қўллаб-қувватлаш олмаган аёл  ўзи ва фарзандларининг жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Далиллар

2023 йилда Ўзбекистонда 203 нафар фуқаро оилавий зўравонлик бўйича жиноий жавобгарликка тортилган, улардан 59 нафари қамоққа олинган. 144 киши эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони олган. Яна 8928 нафар фуқаро ҳам оилавий зўравонлик ҳолати бўйича маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 5229 нафарига жарима жазоси, 3699 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланган.  2024 йилнинг биринчи чорагида 4447 нафар шахс оилавий зўравонлик моддалари бўйича жавобгарликка тортилган.

Бутунжаҳон соғликни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда ҳар учинчи аёл (35 фоизи) ҳаёти давомида у ёки бу турдаги зўравонликка дуч келади. Бу бутун дунёда мавжуд бўлган ўта долзарб муаммолигини исботловчи статистик маълумотдир.

Мустақил кузатувларга кўра, Ўзбекистонда аёлларга нисбатан энг кўп қўлланадиган зўравонлик тури – бу оиладаги зўравонликдир.

Чида, ўлигинг ҳам ўша уйдан чиқсин!

Оилаларда зўравонлик мавжуд ва бу инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Юқорида келтирилган рақамлар эса Ўзбекистонда содир этилаётган оилавий зўравонликлар сонини  тўлиғича  акс эттира олмайди. Чунки ушбу рақамлар ҳуқуқ органларига келиб тушган даъво аризаларига асосан  шакллантирилган. Оилада  зўравонликка дуч келган, аммо тиш ёриб бу ҳақда чурқ этмаган аёллар қанчадан-қанча. Аммо касални яширсанг иситмаси ошкор этади деган гап бежизга айтилмаган. Кўпгина ҳолларда оилада аёллар зўравонликка дуч келгани ҳақида энг оғир ҳолатларда – аёл ёки фарзандлари жисмонан калтакланиб, оғир жароҳатлар олган ёки ўлимга юз тутганида хабар топамиз. Ёки қайсидир оилада зўравонлик ҳолатлари такрор-такрор содир этилаётган бўлсада, бунга кўпчилигимиз кўз юмамиз. Бизнинг жамиятда оиладаги гап-сўзлар ташқарига чиқиши ўта уятли ҳолат ҳисобланади. Қуда-андачиликни минг йилчилик деб билган ота-она муросага чорлайди. Биринчи ўринда аёлнинг ота-онаси «Уйдаги гап кўчага чиқмасин, ҳеч ким билмасин. Чида, ким калтак еб ўлибдики, сен ўласан. Ёши қирқдан (элликдан, олтмишдан) ошса, қуйилиб қолади», деб унинг миясига қуйишади. Аммо  эри ёши қирқдан (элликдан, олтмишдан) ошгунига қадар аёлнинг жисмонан ва руҳан қай аҳволга келиб қолиши ҳеч кимни қизиқтирмайди. Бундан ташқари, «Бир мушт туширса туширибдида, нима, болаларингни отасиз ўстирмоқчимисан?», «Хўп, ажрашсанг болаларингни қандай боқасан? Бу ҳақда ўйлаб кўрдингми?» каби маломатлар ёғилади. Энг ёмони- оиладаги зўравонликдан ота-она уйига паноҳ излаб келган аёлга «Эрингнинг уйига қайтиб кет. Ўлигинг ҳам ўша уйдан чиқиши керак!» дейилади. Оилада зўравонликка дуч келган аёл атрофдагилардан иқтисодий ва руҳий мадад ололмагач, руҳий азоблар исканжасида ўзи ва фарзандларининг жонига қасд қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Бундай ҳолатлар, афсуски, ҳаётимизда учраб туради.

Қолаверса, оилада зўравонликка учраган аёлга нисбатан жамиятда «ўгай қараш» мавжудлигини ҳам тан олмоғимиз керак. Атрофдагилар хўрланган, қийналган аёлнинг ўзини айблашади: «Ўзи айбдор,тилидан топган», «Уйини озода тутганида шундай бўлмасди», «Бир айби бордирки, эри ( қайнонаси, ёки учинчи шахс) урибди…» Ҳатто, оиладаги келишмовчиликлар, жанжаллардан хабардор бўлган яқинлари, қўн-қўшнилар ҳам сабр қилишга ундашади. Афсуски, баъзи ҳолларда бу фожиа билан тугайди. Ота-оналар эса «Ўлигинг ҳам ўша уйдан чиқсин!» деган насиҳати аслида баддуо эканини англаганида кеч бўлиши мумкин.

Ҳимоя ордери ҳимоя қила оладими?

Яқин йилларгача Ўзбекистонда хотин-қизларни оилавий зўравонликдан ҳимоя қила оладиган қонун мавжуд эмас эди. Зўравон эса маъмурий жавобгарлик билангина қутулиб қўярди.

Бундан ўн беш йил муқаддам мақола муаллифининг яқин таниши ҳам оилавий зўравонликка учраган, яъни ёш келинчак эри ва қайнонаси томонидан жисмоний ва руҳий босимларга дуч келган, уч кунлик келинчак куёв томонидан ўласи қилиб калтакланган, аммо у бу ҳақда ота-онасига билдирмаган. Тўрт ой давом этган турмуш давомида куёв бўлмиш келинни бирор маротаба ота-онасиникига юбормайди, ўзи эса арзимаган баҳоналар билан келинчакка жисмоний куч ишлатиб, уни хўрлайди. Оқибатда келинчакнинг уч ойлик ҳомиласи  нобуд бўлди, ўзи эса  оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. Ўша пайтда қонунчиликда хотин-қизларни оилавий зўравонликдан ҳимоя қиладиган қонун бўлмагани сабабли зўравон маъмурий жазо билан қутулиб қолганди.

2019 йил 3 сентябрдан Ўзбекистонда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш» тўғрисида қонун кучга кирди. Ушбу қонуннинг мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш борасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. 2023 йилнинг 23 март куни эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик кодексларига аёллар ҳамда вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ўзгартиришлар тўплами қабул қилинди. Унга кўра, оилавий зўравонлик жиноий ҳуқуқбузарликлар тоифасига киритилди.

Хотин-қизлар ҳимоясига қаратилган қонун қабул қилинди, кодексларга ўзгартиришлар киритилди. Аммо ҳануз оилавий зўравонликлар содир этилмоқда. Қонунларни менсимаётган ҳуқуқбузарлар оилада истаганича зўравонлик қилмоқда. Уларни, ҳатто, ҳимоя ордерлари ҳам тўхтатиб қололмаяпти. Тошкент вилоятида 29 ёшли аёл ўзини бешинчи қаватдан ташлаб юборгани, куни кеча Жиззахда эри томонидан ваҳшийларча қийнаб ўлдирилган 25 ёшли аёл воқеаси сўзларимиз исботидир. Ҳар икки аёлга ҳам ҳимоя ордерлари берилган бўлган. Бироқ зўравонлар қонунчиликни писанд қилмай, қасддан одам ўлдирган. Бу эса қонунчилигимиз янада такомиллашувга муҳтож эканини кўрсатмоқда. Токи аёллар жамиятда, оилада ўзини эркин ҳис қилмас экан, биз хотиржам бўла олмаймиз.

Эслатиб ўтамиз, ҳимоя ордери – тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга давлат ҳимоясини берувчи ҳужжат ҳисобланади. Ҳимоя ордери оилада эридан жабрланган ё учинчи шахсларнинг зулмига учраган аёлларга, ота-онаси ёки бошқа шахсларнинг зулмига дуч келган (вояга етмаган) қизларга, қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчиликларда жабр кўрган, кўчада, ишда, ўқишда тазйиқ ёки шилқимликка учраган ҳуқуқбузарлик жинояти қурбони бўлган хотин-қизларга берилади.

Ҳимоя ордери  маҳалла раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари, яъни профилактика инспектори томонидан берилади. Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган фуқаронинг ўзи, яқинлари, қўшни ёки қариндошлари ҳам ҳимоя ордери олиш учун мурожаат этиши мумкин.

Нима қилиш керак?

Ҳанузки оилада зўрвонликлар содир этилаётган экан, бунинг учун аввало, қиз бола  вояга етаётган оилада унинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, қизларга ўз ҳуқуқларини англатиш лозим. Бизнинг менталитетда қизлар онгига «Катталар гапирганда, улар ноҳақ бўлса ҳам гап қайтарма», «Эркак бир мушт туширган билан ўлиб қолмайсан», «Урадими, демак севади» каби нотўғри тушунчалар сингдирилади. Оилада ўзаро ҳурмат-иззат бутунлай бошқа масала, аммо қизлар, бўлажак оила бекалари зўравонлик содир этилганда сукут сақламаслик, яқинларидан бирор кишига бу ҳақда айтиш, ўрни келганда ҳуқуқ-тартибот органларига хабар беришни билишлари лозим, бу уларнинг ҳуқуқидир.

Қолаверса, оилада эр ёки учинчи шахс томонидан зўравонликка дуч келган қиз ўзи туғилиб ўсган уйга қайтиб келганида ота-она унинг кўксидан итармаслиги, «Чиққан қиз чиғириқдан ташқарида» деб,  камситмаслиги, «Тезроқ уйингга қайт. Чидасанг, ҳаммаси ўтиб кетади» деб, руҳий босим ўтказмаслиги лозим. Сабр – бу зулмга чидаш дегани эмас. Зулм ўз номи билан зулм ва ундан вақтида халос бўлиш лозим. Акс ҳолда тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин.

Қаерга мурожаат этиш керак?

Оилавий зўравонликка ҳар ким, истаган пайтда дуч келиши мумкин. Бундай пайтда қаерга мурожаат этиш лозим?

Республикамизда  зўравонлик қурбонларига ёрдам берувчи ташкилот ва идоралар мавжуд.

Улар қуйидагилар:

  • ИИВнинг аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш бўйича ишонч телефони –  қисқа рақам: 1259;
  • Республика зўравонлик қурбонларини реабилитиация қилиш ва мослаштириш маркази ишонч телефони –  қисқа рақам: 1146;
  • Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ишонч телефони – қисқа рақам: 1102;
  • Ўзбекистон ИИВ Хотин-қизлар билан ишлаш бошқармаси телефон рақами : +998(71) 256-14-18.

Ўзбекистон Республикасида оилавий зўравонликларга қарши қуйидагича жазо чоралари қўлланилади. Хусусан, жиноят кодексининг 126−1-моддаси  билан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59−2-моддасида Оилавий (маиший) зўравонликларга қарши жазо чоралари киритилган. Бундан ташқари жисмонан азоб бериш, қийнаш, ҳақорат ва тан жароҳати етказганлик ҳолатлари учун ҳам маъмурий ҳам жиноий жавобгарлик мавжуд.

Бундан ташқари, ҳар қандай зўравонликларга қарши курашиш, оқибатларини эрта аниқлаш ва ҳуқуқбузарлик юз беришини олдини олиш мақсадида Мадад (бепул ҳуқуқий ёрдам маркази) нодавлат нотижорат ташкилотининг бюроларига мурожаат қилиниши мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: