12:19 | 28.05.24

                       

Хитой Тошкент вилоятида қуёш электр станциясини қуради

Хитой Тошкент вилоятида қуёш электр станцияси ҳамда ҳаво узатиш тармоғи қуради. Бунга 150 миллион доллар миқдорида тўғридан тўғри хорижий инвестициялар жалб этилади.

Тошкент вилоятининг Бўка туманида 263 мегаватт қувватга эга қуёш электр станцияси ҳамда ҳаво узатиш тармоғи қурилади. Бу ҳақда президент қарори имзоланди.

Ҳужжатда қайд этилишича, 2024 йил январида Ўзбекистон ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Хитойнинг China Datang Overseas Investment компанияси ўртасида Тошкент вилоятининг Бўка туманида қуёш электр станциясини ҳамда ҳаво узатиш тармоғини қуриш инвестиция лойиҳаси имзоланган.

Унга кўра, хитойлик инвестор қуёш электр станциясини лойиҳалаштириши, қуриши ҳамда эксплуатация қилиши белгиланган. Юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз зиммасига олган ҳолда дастлабки баҳолаш бўйича жами 150 миллион доллар миқдорида тўғридан тўғри хорижий инвестициялар жалб этилиши лозим.

Инвестор ишлаб чиқарилган электр энергиясини «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»га кафолатланган тарзда сотиш мажбуриятини олади. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» 25 йил давомида ушбу электр станцияси томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олади.

Қурилиш учун 621 гектар ер ажратилиши белгиланган бўлиб, у қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ер тоифасига ўтказилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: