22:12 | 28.11.23

                       

ИИО ходимларини обрўсизлантирувчи фото ва видеоларни тарқатганлар қамалиши мумкин — видео

Депутат Дониёр Ғаниев эса бундай ташаббусга қарши чиқди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш муносабати билан Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасига ИИО ходимларини фото ва видеога олиб, обрўсизлантириш мақсадида ижтимоий тармоқларда фуқаролар томонидан олинган фото ёки видеоларни тарқатилиши маъмурий, ҳатто 15 суткагача қамоқ билан жазоланишга сабаб бўлиши ҳақидаги норма киритилган. Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев қонун лойиҳасига қарши чиқди ва бу буни давлат раҳбарининг очиқлик сиёсатига зид эканини айтиб ўтди.

«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 195-модда киритилмоқда, бундан буён ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида олинган фотосурат ва видеоларни интернетда тарқатиш 15 суткагача қамоқ билан жазоланади. Шунингдек, бу ҳукуматнинг ички ишлар органларига нисбатан очиқлик тўғрисидаги қонунларини бевосита бузиш ҳисобланади. Конституцияда ҳам ахборот эркинлиги бор. Буларни ҳисобга олиш керак»,-дея таъкидлаган депутат.

Депутатлар ҳақорат қисмини чиқариб ташлашди, лекин обрўсизлантиришни қолдиришди. Қонун учала ўқишда ҳам қабул қилинди ва Cенатга юборилди.

Маълумот учун, 2022 йил март ойида фуқароларга йўл ҳаракати хизмати ходимларининг фото ва видеоларини уларнинг рухсатисиз интернетга жойлаштиришни тақиқлаш кўзда тутилган худди шундай қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган эди. Бироқ, ўшанда у қабул қилинмаган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: