19:50 | 26.12.23

                       

Ҳиндистонга буйрагини кўчиртиришга борган ўзбекистонликнинг 16 минг АҚШ доллари ўғирланди

Полиция ходимлари уларнинг сумкаларини текшираётиб, пулларни ўғирлаб кетган. Ўзбекистон элчихонаси ҳолатни назоратга олди.

Ҳиндистоннинг Гуруграм (Гургаон) шаҳрида полиция либосида бўлган бир гуруҳ шахслар шаҳардаги Artemis шифохонасига буйрак кўчириш амалиётини ўтказиш учун борган ўзбекистонликнинг 16 минг АҚШ долларини ўғирлаб кетгач, вазият Ўзбекистоннинг мамлакатдаги элчихонаси томонидан тўлиқ назоратга олинди. «Дунё» ахборот агентлигига кўра, ҳолат 23 декабр куни соат 21:00 ларда шаҳарнинг 53-секторида содир бўлган.

Фото:«Press Trust of India»

Келтирилишича, шу куни кечки пайт меҳмонхонага қайтиб келаётган уч нафар ака-укани полициячилар тўдаси ҳужжатларни текшириш баҳонасида тўхтатган. Улар сумкаларни кўздан кечириш жараёнида пулларни ўғирлаб, қочиб кетган. Ўзини операция қилдириш учун келган Б.С. воқеа юзасидан маҳаллий полиция идорасига шикоят билан мурожаат қилган.

«Машинадагилар ўзларини полиция ходимлари сифатида таништирди, шахсий гувоҳномаларини кўрсатиб, сумкаларимизни текшириш кераклигини айтди», — деб таъкидлаган бемор ўзининг шикоят хатида.

Ҳозирда шаҳарнинг 53-сектори полиция бўлими томонидан жиноят қонунчилигининг 379А (тортиб олиш орқали ўғирлик), 419 (ўзини бошқа киши деб таништириш йўли билан алдаш) ва бошқа моддалари бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳиндистондаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа расмий идоралар билан ҳолат юзасидан расмий мулоқотлар ўтказилиб, вазият назоратга олинган.

Элчихона шунингдек, аҳолини Ҳиндистонга турли мақсадлар, жумладан, тиббий муолажа олиш ниятида келиш пайтида, шубҳали гуруҳ ёки шахсларнинг гапларига ишониб қолмаслик, айниқса, молиявий масалалар билан боғлиқ вазиятларда шахсий хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш, йирик миқдордаги нақд пул ишлатмаслик, бунинг ўрнига банк карталаридан ёки пул ўтказиш амалиётидан кенг фойдаланишга чақирган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: