16:13 | 04.12.23

                       

Индонезияда Марапи вулқони отилиши оқибатида 11 киши ҳалок бўлди – видео

Табиий офат ҳудудида бўлган яна ўнлаб одам бедарак йўқолган, хавфсизлик нуқтаи назаридан уларни қидириш вақтинчалик тўхтатилган.

Индонезиянинг Суматра ороли ғарбий қисмида жойлашган Марапи вулқонининг отилиши оқибатида 11 киши ҳалок бўлди. Қутқарувчилар омон қолган уч кишини топишга муваффақ бўлишган, деб хабар бермоқда «ББС».

Суматрадаги Марапи вулқонининг кенг кўламли отилиши 3 декабр, якшанба куни тушдан кейин содир бўлган. Табиий офат ҳудудида бўлган яна 12 киши бедарак йўқолган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан уларни қидириш ҳозирча тўхтатилган.

«Ҳозир қидирувни давом эттириш жуда хавфли», – дейди қутқарув гуруҳи матбуот котиби Жоди Харяван.

Қутқарув хизматлари маълумотларига кўра, вулқон ҳудудида 75 киши бўлган. 49 киши эвакуация қилинган бўлиб, уларнинг аксарияти куйиш аломатлари билан тиббий ёрдамга мурожаат қилган.

Фото: AP

Вулқон 3 км баландликда кул ҳосил қилган ва бир нечта қишлоқни кул қоплаган. Вулқоннинг баландлиги аниқ ҳисобда 2 891 метрни ташкил қилган. Индонезия ҳукумати вулқон отилиши сабаб 2-даражали огоҳлантириш эълон қилган.

Марапи Суматра оролидаги энг фаол вулқонлардан бири бўлиб, унинг энг ҳалокатли отилиши 1979 йил апрел ойида содир бўлган ва ўша ҳодиса 60 кишининг ҳаётига зомин бўлганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: