15:18 | 12.12.23

                       

Қишки таътил учун 50 мингдан ортиқ йўловчига қўшимча поездлар қатнови йўлга қўйилди

Bugun.uz поездлар қатновининг санаси, вагонлар сони ва йўловчилар сиғими ҳақида батафсил маълумот беради.

Ижтимоий тармоқларда чипталар сотилиб бўлгандан кейингина талабалар учун поездларга чегирмалар эълон қилингани ҳақида хабарлар кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг қўшимча маълумотларига кўра, АSU Express тизимида йўловчи поездларга чипталар 45 кун олдин сотувга чиқади. Қўшимча поездлар қатнови йўлга қўйилгач, электрон тарзда бир сутка мобайнида талабалар томонидан 1000 га яқин чипталар расмийлаштирилган.

Bugun.uz’даги мавжуд маълумотларга кўра, «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ томонидан йўловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида қўшимча йўловчи поездлар қатновини ташкил қилиш белгиланган. Жумладан,

1) 2023 йилнинг 22, 24, 26, 28, 30 декабр ҳамда 2024 йилнинг 1, 3, 5, 7 январ кунлари «Тошкент – Хива» йўналишида жами 9 та рейс, 2023 йилнинг 23, 25, 27, 29, 31 декабр кунлари ҳамда 2024 йилнинг 2, 4, 6, 8 январ кунлари «Хива – Тошкент» йўналишида яна жами 9 та рейсда қўшимча поездлар қатнови ташкил этилади.

Ушбу рейсларни амалга оширилиши натижасида 10 минг 800 нафар йўловчини қўшимча ташиш имконияти яратилади.

2) 2023 йилнинг 25 декабридан 28 декабрига қадар ҳамда 2024 йилнинг 3-4 январ кунлари «Тошкент-Бухоро-Тошкент» йўналишида қўшимча юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоезди орқали жами 12 та рейсда қатновлар йўлга қўйилади. Натижада 3432 нафар йўловчини қўшимча ташиш имконияти яратилади.

3) Шунингдек, 2023 йилнинг 25 декабридан 2024 йилнинг 7 январига қадар «Тошкент-Самарқанд-Тошкент» йўналишида қўшимча юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездида яна 28 та рейс йўлга қўйилади. Натижада 8008 нафар йўловчини қўшимча ташиш имконияти яратилади. Шу билан бир қаторда, 2023 йилнинг 25 декабридан 2024 йилнинг 7 январига қадар барча маҳаллий йўналишларда ҳаракатланувчи йўловчи поездларга талабаларнинг қишки таътилда яшаш манзилларига бориб келишлари учун чиптанинг тўлиқ қийматидан 50 фоиз чегирмалар берилиши белгиланди.

Бундан ташқари:

«Тошкент-Урганч-Тошкент» (112 та вагон);

«Тошкент-Андижон-Тошкент» (112 та вагон);

«Тошкент-Термиз-Тошкент» (112 та вагон);

«Тошкент-Бухоро-Тошкент» (112 та вагон)

«Тошкент-Қўнғирот-Тошкент» (112 та вагон) ва бошқа шу каби йўналишларда қатновчи йўловчи поездларга қўшимча тўрттадан вагон(сид/плас)лар уланиши кўзда тутилган.

Умумий ҳисобда қўшимча йўловчи поездлар ҳамда қўшимча вагонларнинг йўлга қўйилиши натижасида қишки таътил даврида 50 минг 240 нафар йўловчини қўшимча ташиш имконияти яратилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: