11:24 | 20.02.24

                       

Испаниядан Ўзбекистоннинг икки шаҳрига чартер рейслар йўлга қўйилади

Мадриддан Урганча ва Тошкент аэропортларига чартер рейслар амалга оширилади. «Kannak» сайёҳлик компанияси директори мазкур чартер рейслар доирасида Ўзбекистонга сайёҳлик йўналишини ишлаб чиққанини билдирди. Унинг айтишича, тур Урганчда бошланиб, Тошкентда тугайди ёки аксинча.

Мадрид шаҳрида Испаниядан Ўзбекистонга чартер ҳаво қатновларини йўлга қўйишга бағишланган вебинар ўтказилди. Бу ҳақда «Дунё» хабар берди.

Малум бўлишича, 650 дан ортиқ киши иштирок этган тадбир Испаниянинг етакчи «World2Meet» туроператори томонидан «NewBlue» ва «Kannak» сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Вебинарда сўзга чиққан «World2Meet» туроператори тижорат ишлари бўйича директори Фернандо Лусини Ўзбекистон Ипак йўлидаги марваридларидан бири эканини, мамлакат ўзининг гастрономияси ва меҳмондўстлиги билан машҳурлигини таъкидлади. Чартер рейслари Мадридни Урганч ва Тошкент аэропортлари билан боғлайди ва «World2Meet» туроператорига тегишли «World2Fly» авиакомпаниясининг «Airbus 330-300» самолётларида амалга оширилади.

Парвозлар икки босқичда – 8 майдан 12 июнгача ва 4 сентябрдан 30 октябргача ташкил этилади. «Kannak» сайёҳлик компанияси директори Карлос Флоридо мазкур чартер рейслар доирасида Ўзбекистонга сайёҳлик йўналишини ишлаб чиққанини билдирди. Унинг айтишича, ушбу йўналишнинг ўзига хослиги шундаки, тур Урганчда бошланиб, Тошкентда тугайди ёки аксинча.

Бир ҳафта давомида ушбу йўналиш Ўзбекистоннинг Хива, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари бўйлаб минг километрга яқин масофани босиб ўтади. Республика бўйлаб саёҳат автобусларда амалга оширилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: