16:04 | 11.10.23

                       

Исроил-Фаластин можаросида Ўзбекистон фуқаролари асирга олингани ҳақидаги хабарлар тарқалди

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ҳолат юзасидан баёнот берди.

Ижтимоий тармоқларда айни пайтда Исроил ҳудудида давом этаётган ҳарбий тўқнашувларда Ўзбекистон фуқаролари асирга олингани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Мамлакатнинг Исроилдаги элчихонаси ҳолат юзасидан баёнот берди.

Маълум қилинишича, ҳозирги вақтгача Исроил ва Ғазо секторидаги можаро ҳудудларида мажбуран ушлаб турилганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлиги ҳақидаги маълумот элчихонага келиб тушмаган.

Ҳозирда Ўзбекистон фуқароларини Исроилда рўйхатга олиш тезлаштирилган ва соддалаштирилган тартибда амалга оширилаётгани маълум қилинган. Шу муносабат билан, элчихона Исроилда яшаётган Ўзбекистон фуқароларига яна бир бор мурожаат қилиб, тезкор алоқа ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ўзларининг истиқомат манзиллари тўғрисидаги маълумотларни дипломатик ваколатхонанинг электрон манзилига жўнатишни сўраган.

«Маълумот олишда ишончли манбаларга таянишингизни ва тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликни сўраймиз», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроилдаги вазият бўйича баёнот берганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: