12:45 | 27.11.23

                       

Истеъмол учун хавфли товар ишлаб чиқарганлар 12 йилгача қамалиши мумкин

Жиноят кодексидаги бир қатор ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Президент қабул қилган қонунга кўра. истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқарганлик, сақлаганлик, ташиганлик ёхуд ўтказганлик, ишларни бажарганлик ёки хизматларни кўрсатганлик учун 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин (муқаддам фақат жарима, мажбурий жамоат ёхуд ахлоқ тузатиш ишлари).

Ушбу ҳаракатлар баданга ўртача оғир ёхуд оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса ёхуд жуда кўп миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Худди шу ҳаракатлар одам ўлишига сабаб бўлса 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади (илгари 3 йилдан 7 йилгача).

Ушбу ҳаракатлар одамлар ўлимига, бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади (илгари 7 йилдан 10 йилгача).

Бундан ташқари, этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: